Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сув, электр, табиий газ — «Пахтакор» обод қилинмоқда (фото)

Сув, электр, табиий газ — «Пахтакор» обод қилинмоқда (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда аҳоли сони 72 минг 800 нафарни ташкил этади. Асосий инфратузилма объектлари барпо этилган вақт Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнига тўғри келади.

Афсуски, ўзининг қадоқ қўллари билан ризқ яратган, чўлларни обод қилишда жонбозлик кўрсатган чўлқуварлар фаолияти, уларнинг меҳнатию, ютуқлари ҳақида мақтов гаплар кўп гапирилсада, амалда уларнинг турмуш аҳволи ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Салкам ярим аср давомида туманда саноат, уй-жой, ижтимоий объектларни бунёд этиш билан боғлиқ арзирли ишлар бажарилмади. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастури ҳамда «Илғор ҳудуд» лойиҳаси муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Бош режага мувофиқ, туман марказидаги бир ҳолатга келиб қолган кўпқаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Туман марказидаги асосий кўча – Шароф Рашидов номидаги кўчанинг аввалги хира манзараси барҳам топиб, қиёфаси кундан-кунга таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда, ўртага тунги ёритгичлар ўрнатилди, яшил майсазорлар ташкил қилиниб, дарахт кўчатлари ва гуллар экилмоқда. Шу кўчада жойлашган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ички ва ташқи қисмлари ҳамда атрофларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти.

Бош режа асосида янги қурилаётган 23 та, капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилаётган 49 та, жами 72 та объектнинг салмоқли қисми ҳам ана шу кўчада жойлашган. Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмаси биноси ҳам дастур асосида замонавий ҳолатга келитирилди. Айни пайтда қайта таъмирланган ва зарур жиҳозлар билан таъминланган масканда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча шароитлар бор.

Ҳудудда узоқ йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган канализация, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш ишлари жадал олиб бориляпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг