Сурхондарёда ички ишлар тизимидаги бир қатор раҳбарлар ишдан олинди
Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигида текширув гуруҳи айни пайтда вилоятларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
Жумладан, 2 август куни Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда айрим шаҳар ва туманларда тегишли чора-тадбирлар тизимли ва мақсадли олиб борилмаётганлиги, профилактика инспекторлари ўз фаолиятини маҳалла фуқаролар йиғини, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи бўлинмалари ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда ташкил этмаётганликлари оқибатида оила-турмуш ва қўни-қўшничилик доирасидаги жиноятлар, айниқса, қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш каби ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар ҳамон юқорилигича қолаётгани қайд этиб ўтилди.
Айниқса, вилоятнинг Термиз ва Шеробод туманларида айнан июнь ойининг ўзида жиноят қидирув йўналиши бўйича содир этилган жиноятлар сони кескин ошгани, Термиз туманида жорий йилнинг олти ойида содир этилган жиноятларнинг 18 таси ёки 44 фоизи июнь ойида қайд этилгани танқид остига олинди.
Вилоятда қайд этилаётган жиноятларнинг чуқур таҳлили жойларда ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган секторларда ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўзининг кутилган натижасини бермаётганлиги ҳам алоҳида қайд этилди. Бунга жорий йилнинг олти ойи мобайнида 717 та маҳалланинг 308 тасида ёки 43 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилгани мисол келтирилди.
Шунинг учун, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳрида бошланган янги тизимни республиканинг барча ҳудудларида, хусусан Сурхондарё вилоятида ҳам йўлга қўйиш, жиноятнинг олдини олиш, жамоат хавфсизликни таъминлашда ҳамкорликдаги патруллик хизматни ташкил этиш ишларини бошлаш кераклиги қайд этиб ўтилди.
Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан бугунги кун талабларига жавоб бермагани, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмагани учун бир қатор ходимларга нисбатан интизомий жазолаш чоралари кўрилди.
Жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи И.Халилов, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи Ж.Ҳасанов, Шеробод туман ИИБ бошлиғи Д.Кенжаев, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Акрамов, Шеробод туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ҳ.Хамитов, Бойсун туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Хушбаков, Узун туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари С.Хамираев, Термиз туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ш.Мўминовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Жарқўрғон туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Валиев, Термиз туман ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Б.Аминқулов, Жарқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи И.Ибрагимов, Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи И.Хушбақов, Музработ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи А.Аҳмедовларга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.
Йиғилиш якунида Ички ишлар вазири П.Бобожонов вазирлик Академиясининг профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали амалиётчи мутахассисларини жалб этган ҳолда Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг билим савияси ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган манзилли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, барча шахсий таркибни қайта тайёрлаш ҳамда фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилиш, ҳар бир ҳолатга тезкор, холисона ва қонуний ёндашувни таъминлаш, ходимларнинг кундалик фаолиятини «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этиш, тизим шаънига доғ туширувчи ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида аниқ топшириқлар берди.
Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter