Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларининг катта қисми ишдан олинди
Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. У ўта кескин руҳда кечиб, тизимда ҳар бир йўналиш бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил этилди, дейилади вазирлик хабарида.
Жорий йилнинг ўтган 11 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган. Уларнинг энг катта қисмини сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ташкил этади.
Энг ачинарлиси, аҳоли кўп ҳолларда жойларнинг ўзида ҳал бўлиши мумкин бўлган оддий масалалар учун ҳам Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура ва бошқа масъул идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Айрим касалликлар кўрсаткичлари йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари 20 фоизга кўпайган.
Қолаверса, битта туманда камида 10-15 та лаборатория бўлгани билан қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошган.
Тиббиётда давлат хусусий шерикчилик муносабатлари, тиббий суғурта, лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш йўналишларида ишлар етарли даражада ташкил қилинманганлиги туфайли кўзланган натижаларга эришилмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг ўз фаолиятида натижа бермаган 40 фоиз ходимлари вазифасидан озод этилди ва уларга қуйи бўғин тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинди.
«Вазирлик доирасида бошланган кадрларни янгилаш ислоҳоти келгусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, умуман, мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олиши кўзда тутилган», дейилади вазирлик баёнотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter