Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўнгги пушаймон ёки тиканли симтўр ортидаги ҳаёт

Сўнгги пушаймон ёки тиканли симтўр ортидаги ҳаёт

«Қанийди, бу кунларнинг барчаси қўрқинчли туш бўлса-ю, уйғонганимда навқирон давримга қайтиб,  ҳаммасини ўзгартира олсам. Нодонлигим туфайли жамиятнинг бекаму кўст одамлари қаторига қўшилмаганимдан афсус чекаман. Аслида, менда ҳам бахтли инсонлар сафида туриш учун етарлича имкон бор эди! Аммо, асл ҳидоят ўрнига, «Ҳизб ут-Таҳрир» деган қинғир сўқмоқ домига тушдим. Ҳақ йўлдаман, деб бутун борлиғимдан айрилганимни кеч тушуниб етдим. Алданганимни, бутун ҳаётим барбод бўлганини  англадим,-дейди андижонлик Ботир Умидов (исми шариф ўзгартилган),- Қамоқдалигимда ота-онамдан айрилдим. Соғлигимни йўқотдим. Сўнгсиз пушаймонлар туну-кун ҳаловат бермайди, хатоларим ич-этимни каламушдек кемиради. Қилган хатоларим учун халқимдан кечирим сўрайман, менинг дардимда куйиб, бу дунёни тарк этган ота-онам руҳи олдида тавба-тазарру қиламан».

2004 йилда 2 йилдан ортиқ ва яна такроран ҳаракати учун 2007 йилдан  буён Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг Консититуциявий тузумига тажовуз қилиш) билан айбланиб, 17 йилдан буён жазо муддатини ўтаб келаётган Ботир сингари шахслар ўз умрининг навқирон йилларини тиканли симтўр ортида ўтказганидан афсус ва надоматда, пушаймонда.  

Бухородаги Н-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг кўпчилиги панжара ортидаги ҳаётни қайта такрорламасликка ўз-ўзларини даъват этишган.

Маълумки, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Айтиш жоизки, жиноят содир этган шахсни жавобгарликдан озод қилиш ва унга жазо тайинлаш юзасидан қонунда маълум имтиёз ва енгиллик беришдан ана шундай мақсад кўзланган. Аммо, яхши отга бир қамчи, дейишади. Гуруч курмаксиз бўлмагани каби, маҳбуслар орасида берилаётган бу имконият ва енгилликларнинг моҳиятини англаб етмаётганлар ва такроран жиноят содир этаётганлар ҳам, афсуски, кўп.

Ҳаётда ҳар кимнинг ўз истак ва орзулари бўлади. Кимдир юқори мансабларни орзу қилса, бошқалар яхши жойларда дам олишни ўйлайди. Қорни оч таомни орзу қилса, бемор соғликни  орзу қилади. Орзуга етгач эса янги мақсадларни қўйиб, уларни амалга ошириш ҳаракатига тушади. Бироқ, тақдир йўлларида адашиб, ҳақли равишда жазосини тортаётган маҳбуслар-чи?! Улар ўз муддатларини адо қилиш учун тим қора сочларини темир панжара ортида оқартиргунча орзуларини кўмиб яшашга маҳкум.

«Ўлган одамда орзу бўладими?-дейди маҳкама томонидан турли айбловлар билан қамалган, ёт гуруҳларнинг тарафдори ва аъзоси бўлган ромитанлик Фурқат Ҳакимов (исми шарифи ўзгартирилган),-Фарзандларимни Ватан хоинининг ўғил-қизига «айлантирдим». Афсуски, қалб кўзларим кўр бўлганини жуда кеч тушуниб етдим Хатога такрор-такрор йўл қўйдим. Онамнинг бир тола сочига, оғайниларимнинг мен туфайли юзини тўлдирган ажинларига арзимайман.

11 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган Собир Нажимов эса (исми шарифи ўзгартирилган) «Исломий жиҳод иттиҳоди» диний экстремистик оқими аъзоси сифатида халифалик қуришни режалаштириш жиноятини содир қилишга аралашиб қолган.

«Аслида, «Ислом» сўзининг луғавий маъноларидан бири «тинчлик» эканини билардим. У ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Террор олами эса инсон миясига ўз унсурини сингдириб, бузғунчилик кайфиятини уйғотишни, одамларни намойишларга отилишини ўзининг маслакига айлантириб олар экан. Англаган ҳолда ўзимни чўғга отдим. Ўшанда ким нима деса, ишониб, ким қаерни кўрсатса, ўша ёққа қараб кетаверадиган ёшда эдим. Ҳеч ким мени йўлдан қайтармаган, нотавон қадамларимни кўриб туриб ҳам ботқоқдан чиқаришга уринмаган. Гарчи, мен зулукдек ёпишиб олган бўлсам ҳам... Кеча навқирон 21 ёшида турма деворига боши урилиб, бугун 32 ёшда сочлари оқарган қарияман...»,—дейди Собир.

Жазони  ижро  этиш  муассасаси  ҳовлисидан чиқар эканмиз,  беихтиёр  юрагимизда  титраниш  сезамиз. Йўлаклари узун, тиканли симтўрлар оралаб, умрини орзуларига қўшиб, тупроққа қориб бораётган иллат ботқоғидаги маҳбусларни кўриб, сергак тортамиз.

Собир ўз суҳбати орқали одамнинг рўпарасида,  ён-атрофида  яшаётган  инсонлардан  огоҳ  бўлмасликк, уларга ва уларнинг тақдирига ҳам даҳлдорлик масъулияти борлигини унутиш - жар олдидаги ўша кимсани батамом улоқтириб ташлашга хизмат қилишдан бошқасига ярамаслигини тушунтирмоқчи бўлди. Ҳақиқат ҳам шу: балки,  бизнинг  бир  оғиз  маслаҳатимиз,  мададимиз,  ҳимоямиз  билан  кимларнингдир  ҳаёти  изга  тушиб  кетар,  жиноят  қилишгача,  сўнг  пушаймон  бўлишгача  етиб  бормас… 

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг