Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кореяга ишга жўнатувчилар». 10 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва бошқа эҳтиёт чоралари қўлланилди

«Кореяга ишга жўнатувчилар». 10 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва бошқа эҳтиёт чоралари қўлланилди

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «Korean and Migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда содир этилган фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди.

Маълум қилинишича, 2019 йил 10 октябрда жамият раҳбари ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

Тергов жараёнида 2372 нафар фуқаро жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилиб, жамият томонидан 24,2 млрд. сўмдан зиёд моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Дастлабки тергов давомида жами 10 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш», «уй қамоғи» ва «гаров» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилди.

Таъкидланишича, дастлабки терговдан яширинган шахсларга нисбатан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, улардан ушбу пул маблағларини қайтаришга қаратилган барча куч – воситалар ишга солинади ва фуқароларимизга етказилган моддий зарарнинг қолган қисмини қоплаш чоралари кўрилади.

2020 йил 9 март куни жамиятнинг мансабдор шахсларига нисбатан эълон қилинган айблов Жиноят кодексининг фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятлари учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан тўлдирилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тамомланиб, айблов хулосаси тузилган ва уни тасдиқлаш ҳамда тегишли судда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага юборилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг