Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соҳавий журналистика зарур ёхуд испан тажрибаси ҳақида

Соҳавий журналистика зарур ёхуд испан тажрибаси ҳақида

Воқеликни кузатиш ва баҳолаш объектни тўғри тушуниш, шарҳлашдан бошланади. Шундай экан, ким, нима, қачон, қаерда саволларига жавоб топиш хабар ва маълумотнинг моҳиятини ифода этса, нега, нима сабабдан, нима мақсадда деган саволларга жавоб излаш эса воқеликдаги нарса ва ҳодисалар орасидаги умумий алоқадорлик ва боғланиш қонуниятларини таҳлилий назардан ўтказишдир. Биринчиси билим бўлса, иккинчиси илмдир.

Испанияда соҳавий журналистика, бошқача айтганда, ихтисослашув журналистикасининг мавжудлиги кишини ҳайратлантирмасдан қолмайди. Бизда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси борлигини биламиз. Улар ҳам ўз фаолиятини олиб боришда Испания оммавий-ахборот воситалари билан ҳамкорлик йўсинида, тажриба алмашиш маъносида амалга оширишса мақсадга мувофиқ бўлармиди деймиз. Муайян тизим ёхуд соҳага ихтисослашган журналистиканинг моҳияти мамлакатнинг тараққиётига хизмат қилиши муқаррар.

Хизмат ва ижодий сафаримиз пайтида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг матбуот котиби Шуҳратжон Суюновнинг бизда «бирон бир тармоқ ёки соҳани ёритишга ихтисослашган журналистларнинг уюшмалари йўқ»лиги борасида куюниб гапирганлари бежиз эмас.

Испанияга ўқув-амалий сафаримиз пайтида мазкур мамлакатнинг Агроозиқовқат соҳаларини таҳлил этувчи журналистлар ассоциацияси аъзолари ва мутахассислари билан учрашганимизда шу фикрга яна бир бор иқрор бўлдик. Демак, соҳавий журналист ўша тизимнинг кўзи, қулоғи, оёғи, юраги бўлиши зарурлигини ҳис этдик. Улар соҳа бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган тадқиқотчи, олим ва мутахассислар билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлиши керак. Шундагина билдирилган мулоҳазалар асосли ва далилланган бўлади. Соҳага оид янгилик ва ихтиролардан кундалик равишда хабардор бўлиб бориш катта ютуқ ва самараларга бошлаши тайин.

Испаниялик журналист ва соҳа мутахассислари томонидан «Қишлоқ хўжалиги соҳасини қандай қилиб ёритиш ва PRни амалга ошириш» мавзусида ўтказилган тренингда ана шу масалаларга эътибор қаратилди. Оламшумул, глобал муаммо сифатида эътироф этилаётган суғориладиган ерларда сув тақсимоти ва ичимлик суви масалаларини кўтариш ва ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар мисолида ибратли фикрлар ўртага ташланди.

Испания Агроозиқовқат соҳаларини ёритувчи журналистлар ассоциациясининг асосий мақсади соҳавий журналистикани янада такомиллаштириш, ривожлантириш ва агро озиқ-овқат фаолиятини тараққий эттиришга кўмаклашиш. Соҳани ёритувчи барча журналистлар Ассоциацияга аъзо ҳисобланади.

Айтилишича, Испания дарёлари асосан ёмғир сувлари орқали тўйинтириларкан. Табиийки, баҳор мавсумида дарёлар оқими кўпаяди, ёзда сув ниҳоятда камайиб, айрим дарёлар қуриб қолади. Шу боис, оби-ҳаётни тўплаш учун сув омборлари қурилган. Қурғоқчилик йиллари мамлакат сув танқислигидан қийналади.

Ўзбекистонга ўхшаш томони йирик дарёлар сувини назорат қилиш ва бошқариш учун ҳавза бошқармалари фаолият юритади. Мамлакатда жами сув ресурсларининг 78 фоизи қишлоқ хўжалиги, 17 фоизи аҳоли эҳтиёжлари, 5 фоизи саноат ва электр энергияси ишлаб чиқариши учун йўналтирилади.

Тренингда соҳага доир ахборотларни излаш, олиш ва тарқатиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида сўз борди.

Сув хўжалиги вазирлиги миллий ҳамкор ҳисобланган, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган «Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун ҳамкорлик ва хабардорликни ошириш. Компонент 3» (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази Испанияга ўқув сафарини уюштириши, унга асосан журналист ва матбуот котибларининг жалб этилгани ҳам бежиз эмас.

Тадбир Испаниянинг Қишлоқ хўжалиги учун инженерлар тайёрлайдиган Олий техника мактаби жойлашган эски бинода бошланди. Унда халқаро эксперт, координатори Алехандро Пастрана (Alejandro Patrana), Олий техника мактаби директори Луис Рикоте (Luis Ricote), Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жахонгир Дунанович Ганиев (Jakhongir Ganiev), РЭЦЦАнинг филиали директори Шахноза Умарова (Shakhnoza Umarova), Агроозиқ-овқат ассоциациясининг президенти Лурдес Сурьяга (Lourdes Zuriaga)лар иштирок этишди.

Сўнгра «Агроозиқ-овқат секторида PR-коммуникацияснинг муҳимлиги» мавзуида Лурдес Сурьяганинг маърузаси бой фактларга тўла ва мазмундорлиги билан ажралиб турди. Испанияда сув ва суғоришнинг ахбороти тажрибаси юзасидан APAEнинг бош котиби ва EUCAgro курси директори Элиса Плюмед (Elisa Plumed)нинг, Давлат ташкилотлари ва жамоатчилик орасида ўзаро ахборот алоқаларининг ўрнатилиши бўйича APAEнинг вице-президенти Мигель Анхель Майнар (Miguel Ángel Mainar) маърузалари эътиборга молик бўлди.

Лугарс ўз нутқида журналистик фаолият билан боғлиқ теран мулоҳазаларни билдирди.

«Журналист ва мухбирларнинг аксарияти техник тил, рақамлар билан гапиришни маъқул кўришади. Шарҳингиз қанча содда, лўнда бўлса, жамоатчилик уни бемалол тушунади. Жонли ва тушунарли тил  кенг аҳоли диққатини тортиб унинг қалбига йўл олишнинг асосидир. Аҳолининг шаҳарга талпинишининг боиси — у ерда яшаш учун шароитлар йўқлигидир. Сув бормаган жой саҳрога айланишини тушунтиришда таҳлилий журналистиканинг ўрни катта. Андалусияда мануфактура қандай иш тутгани борасида бирон нарса дея олмайман, лекин кооперативлар очиб улар фаолиятини кенг йўлга қўйиш керак. Тез ва узоқ муддатли инвестиция ҳам мамлакат тараққиётига хизмат қилиши, сувнинг сафланиши ва тақсимоти масаласи журналистик назардан четда туриши асло мумкин эмас. Мавзуни яхши билиш, давлат иқтисодиётининг ривожланиш даражасини чуқур ўрганиш ҳам журналистик фаолиятнинг асосларидандир. 

Шундай кооперативлар борки, 2 миллион лимонни экспорт қилади. Демак, экспорт масаласи ҳам жиддий иш. Бу ҳаракатларнинг самараси ва сифатини белгиловчи омил. Бу борадаги ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш ҳам журналистнинг бурчи»,— деди у.

Сўнгра Элиса Рлуме Лукас журналистик фаолияти 15 йил мобайнида фақат қишлоқ ва сув хўжалиги, чорвачиликни ривожлантириш масалаларига қаратилганини эътироф этиб, спорт ҳақида ёз дейишса, эътироз билдиришини айтди. Чунки унинг қизиқиши ва билими айнан тупроқ, сув ва самарали ҳосил олиш сирларига дахлдор. У ҳар бир мамлакат, ҳукумат ихтисослашган, соҳавий журналистиканинг ривожига эътибор беришини таъкидлади.

Испанияда Сув ресурслари бошқармаси Экологик ўтиш ва демографик муаммолар вазирлиги таркибида фаолият юритади. Бошқарма сувдан фойдаланиш, режалаштириш, молиялаштириш ва назорат қилиш билан шуғулланади. Мамлакатда суғориладиган ерлар 3,5 миллион м². Барча сув ресурслари давлат ихтиёрида. Суғориш учун сув истеъмолчиларга бепул етказиб берилади. Дарёлар ёмғир сувлари ҳисобидан шаклланганлиги сабабли, платиналарсиз сувни бошқариб бўлмайди. Мамлакат бўйича йирик платиналар сони 1200 дан зиёд. Шундан 400 таси давлат томонидан, 800 дан ортиғи хусусий мулкдорлар томонидан бошқариларкан.

Сув танқислиги сабабли иккиламчи фойдаланиладиган сувнинг 71 фоизи суғоришда ишлатилади. Испания Экологик ўтиш ва демографик муаммолар вазирлигининг Сув ресурслари бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда шулар ҳақида маълумот берилгани факти журналистлар эътиборида бўлди.

Испанияга ўқув сафарини Сув хўжалиги вазирлиги миллий ҳамкор ҳисобланган, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган «Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун ҳамкорлик ва хабардорликни ошириш. Компонент 3» (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан уюштирилгани унда журналист ва матбуот котибларининг иштироки самара бераётганини таъкидлаш ўринлидир.

Раҳимбой Жуманиёзов,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти
матбуот хизмати раҳбари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг