Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чироқчидаги тиббий хизмат билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида «Тиббиёт. Чироқчи. Осмон узоқ, ер қаттиқми?» сарлавҳаси остида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги 60-қишлоқ оилавий поликлиникаси ва тез тиббий ёрдам шохобчаси фаолияти билан боғлиқ материал чоп этилган эди. Унда ушбу ҚОП ҳудуднинг энг чекка – Дурсун қишлоғида жойлашгани боис, бошқа ҳудуд аҳолиси тиббий хизматдан фойдаланишда турли муаммоларга дуч келаётгани баён этилган эди.
Мақола юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилган ўрганиш давомида Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 60-қишлоқ оилавий поликлиника олтита қишлоқнинг 17 минг нафардан ортиқ аҳолисига хизмат кўрсатиб келаётганлиги маълум бўлди. Бу ерда 6 нафар олий маълумотли шифокор, жумладан, бир нафардан хирург ва акушер-гинеколог ҳамда 27 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, мазкур ҚОП ёнида Дурсун тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳам аҳолига тун-у кун фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳудуднинг чекка қисми ҳисобланган Қаҳрамон, Хўжақўрғон, Бўйрачи ва Микоб қишлоқлари аҳолисини тез ва ихтисослашган тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида мазкур 60-ҚОПнинг Хўжақўрғон филиали ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу эса тумандаги энг олисда жойлашган 8 минг нафарга яқин аҳолини узоғини яқин қилмоқда. Аммо юқоридаги материалда таъкидланганидек, ҳудуднинг Буйрачи ва Микоб қишлоқлари ушбу даволаш муассасаси филиалидан 4,5 километр узоқликда жойлашганлиги боис, бу ерда истиқомат қилувчи 1122 нафар аҳолининг эътирозига сабаб бўлган.
Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари ушбу икки қишлоқ аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказиб, ҳудуддаги маҳалла фаолларининг таклиф ва мулоҳазалари билан яқиндан танишди. Натижада, 60-ҚОПнинг Хўжақўрғон филиали биносини ҳомийлар ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳисобидан капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Энг муҳими, маҳалла фаоллари билан 2020 йилда Инвестиция дастури доирасида Хўжақўрғон қишлоғида янги ҚОП қурилишига келишиб олинди. Бундан ташқари, эндиликда филиалда фаолият кўрсатиб келаётган 6 нафар шифокорларнинг жадвал асосида кунлик қабулини ташкил қилиш, яъни, ҳафтанинг тоқ кунларида хирург ва хафтанинг жуфт кунларида акушер-гинеколог кўрикларини йўлга қўйилиши белгиланди.
Шу билан бирга, умумий амалиёт шифокорларининг ҳам ҳар кунлик қабул кунлари ташкил этилиши ва 9 нафар ўрта тиббиёт ходимининг бир нафар муолажа ҳамшираси доимий ишлаши, 1 нафар эмлаш ҳамширасининг режа асосида эмлаш ишларини ўтказиши ҳамда 7 нафар патронаж ҳамширанинг аҳолига доимий равишда узлуксиз тиббий хизмат кўрсатишига эришилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter