Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўртачирчиқдаги ЙТҲда жабрланган болалар ҳақида маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўртачирчиқдаги ЙТҲда жабрланган болалар ҳақида маълумот берди

Жорий йил 29 апрель куни соат 01.44да Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р20 автомобиль йўлининг 6-километрида «Мерседес-бенс» русумли автобус йўлдан чиқиб кетиб, автоҳалокатга учрагани ҳақда хабар қилган эдик.

ЙТҲ оқибатида автобус ичида 53 та йўловчидан 27 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Жароҳатланганларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга мос равишда зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Улардан 19 нафарига амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Яна 2 нафари Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уйига рухсат берилган. Улар потранаж хизматига назоратига олинган. Қолган 6 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Травматология ва Шошилинч хирургия бўлимларига ётқизилди. Уларнинг икки нафари: 54 ёшли Асқад Кобилов ва 2,5 ёшли Робия Маъмурбоева муваффақиятли операция қилинди. Айни пайтда жароҳатланган беморлар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.

Бундан ташқари, ушбу йўл транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган барча йўловчиларнинг хонадонларига борилди, аҳволидан хабар олиниб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ташкил этилган.

Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг