«Сўғдиёна» воқеаси: Ҳашар ортига яширинган ноқонуний маблағ ундириш ҳолатини ким фош қилганди?
Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг Жиззах вилояти ҳокими фармойиши билан «Сўғдиёна» футбол клубига ҳашар кўринишда ўқитувчилардан ноқонуний равишда маблағ ундирилгани тўғрисидаги хабари эълон қилинган эди.
Унда айтилишича, вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашувидан сўнг Жиззах вилояти ҳокимининг 2018 йил 2 ноябрдаги «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф-сонли фармойиши 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиш билан бекор қилинган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси муассислигидаги «Ishonch» газетаси воқеани ўзгача талқин қилиб чиқди.
Нашрнинг келтиришича, аслида ноқонуний ҳолатнинг фош этилиши бошқачароқ бўлган: «Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг хабарига эътироз билдирмаган ҳолда шуни қўшимча қилиш жоизки, мазкур ҳолат бўйича Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан муносабат билдирилиб, бирлашма кенгаши раиси Н.Пардаев имзоси билан Жиззах вилояти ҳокими номига 2018 йил 8 ноябрь куни 01-01/141-сонли хат жўнатилган. Мазкур хат асосида Жиззах вилояти ҳокимининг олдинги фармойиши 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиш билан бекор қилинган. Кўриниб турганидек, бу масалага Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашувидан аввал чора кўрилган. Бу Жиззах вилояти ҳокимининг 369-Ф-сонли фармойишининг биринчи бандида ҳам ўз аксини топган. Шундай экан, ахборот беришда ҳаққонийлик ва холислик тамойилига барча бирдек амал қилиши зарур», дейилади мақолада.
Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг 2018 йил 2 ноябрдаги «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф-сонли фармойиши қабул қилиниб, унга асосан вилоятда 3-4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилган. Фармойишда умумхалқ ҳашари доирасида бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағ «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг ҳисобрақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Умумхалқ ҳашари доирасида Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаби ишчиходимлари иш ҳақидан 272.156.729 сўм «Сўғдиёна» ҳисобига ўтказиб берилган.
Ҳокимнинг бу фармойиши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига зид равишда қабул қилинган.
Ҳукумат қарорининг 2-бўлим «а» бандига кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлгандагина ташкил этиш мумкин.
Тегишли ташкилотлар аралашувидан сўнг Жиззах вилояти ҳокимининг фармойиши бекор қилинган.
Бу ҳолат қай тарзда ва ким томонидан фош қилинганидан қатъи назар, у ўз вақтида бартараф этилди ва турли ташкилотлар ходимларидан (жумладан, ўқитувчилардан) мажбурий ундирилган маблағ эгаларига қайтарилди. Энг асосийси — шу! Бу вазиятда Халқ таълими вазирлиги ҳам, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳам ноқонуний ҳаракатни бартараф этишга урингани ижобий ҳол. Буни ким биринчи бўлиб қилгани эмас, масъул ташкилотлар Жиззах ҳокимининг зид қарорига кўз юмишмагани ва вазиятга ўз вақтида аралашишгани муҳимроқ, назаримизда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter