Собир, дунё шундоқ турмас экан-да?!
Бир ҳафтаки, Собир Ўнарнинг «Танланган асарлар» рукни остида чоп этилган қисса ва ҳикоялари (уларни адибнинг жигаргўшаси Ғиёсиддин Ўнаров нашрга тайёрлаган) тўпланган қалин китобини ўқияпман.
Бу асарларини, аввал, унинг ўзи тириклигида бўлиниб-бўлиниб китобча, тўпламлар бўлиб чиққанида берганди. Тўғриси, уларни у маҳаллари чала-чулпа варақлаб кўз югуртириб, юракни бериб ўқишга ҳафсалам етмаган. Сабабики, ўша катта-кичик асарлари қўлёзмаларини бундан 30-35 йилча бурун қандай дунёга келганини билардим. Чунки мен Собир билан қарийб қирқ йил аввал танишган бўлсам, у билан шу даражада сирдош, дарддош бўлиб кетган эдикки, бизларни фақат ва фақат ўлим отлиғ балойи азим айириши мумкинлигини кейин англадим!
Биз 1986 йил Мироқида ёш ижодкорлар анжуманида танишган бўлсак, кейин мусофирликда – аввал ишчилар ётоқхонасида, кейин Юнусободдаги ижара «дом»да бирга турдик (журналист ва ижодкор дўстларимиз Комил Жумаев, Муҳаммад Исмоил гувоҳ, раҳматли Ҳошимжон Мирзааҳмедов ҳам ёнимизда эди ўша маҳаллари). Кейин эса баримиз қалдирғоч болаларидай ҳар ёққа сочилиб, улоқиб кетдик. Тақдир не кўйларга солди, ёлғиз Худойим гувоҳ буларга!
Орамизда ҳар қандай синов, кулфат, азоб-уқубатларга фақат Собир Ўнаргина кўксини қалқон қила оларди. У ҳеч қачон бировни сотганини, хиёнат қилганини ё кимнингдир ортидан ғийбат қилганини эслай олмайман. Мен бу гапларни нега ёзяпман? Нега ўттиз-қирқ йил олдинги маҳзун хотираларни эслаяпман?
Муболаға эмас, Собир Ўнарнинг ҳар битта қиссаси, ҳикоясида ҳаётий ҳақиқат устун туради. Тўқима ё ясама образлар деярли йўқ. Қаҳрамонлари ёнимизда, аввало, Собирнинг ўзи, мана мен деб турибди, сиз, мен ва бошқалар.
Нима демоқчиман, адабиётда, айниқса насрда шуҳрат қозониш, халқ назарига тушиш осон иш эмас. Шу маънода Собир Ўнарнинг асарларини мутолаа қиляпману... кўз олдимга Қодирийлар, Толстойлар, Қаҳҳору Шукшин, Чехов ё Ғафур Ғулом, Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов ё Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирза, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Алишер Ибодинов, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон в.ҳ.ларнинг ёзган роман, қисса, эссе, ҳикояларидаги қаҳрамонлар келяпти. Адолат тарозисига қўйилса, ҳар бир адибнинг тошбосар асарлари бор ва улар ҳар қанча эътироф этилса арзийди ҳам.
Минг афсуски, кейинги ўн йилликларда шеърият ва наср бобида бизникилар анча илгарилаб кетди. Аммо адабиётшунослик деган катта бир жабҳа олдга эмас, ортга қараб кетаётгани ана шу асарларга билдирилаётган муносабатларда яққол кўриниб қолди. Ҳозир адабиётшунослар орасида артистларга ўхшаб, «бирровчилар» кўпайгандек назаримда. Бирор китоб чиққудек бўлса, тамом, ҳайбаркаллачи таниш-билишлар қўзиқориндай босади ҳаммаёқни. Энди... қандай китоблар босилаётганини айтиб ўтирмайин, бу алоҳида мавзу!
Менга алам қилгани: масалан, таниқли адибларимиз ёки олайлик, Собир Ўнарнинг қисса ва ҳикояларини ким, қачон, қаерда баҳоли қудрат таҳлил қилиб бера олди? Ҳозир ҳаммаёқда нима кўп, филфак – ўзбек тили ва адабиёти, филология билан журфак – журналистика, катта бир университет гуриллаб кадр тайёрлаб беряпти! Тўғрими? Хўш, ўзи уларда нима ўқитиляпти? Мактаблардаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари ўқувчиларга кимларни тарғиб қиляпти? Ҳатто ўша муаллимлар орасида бошқаларни айтмай қўя қолай, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон, Ўрозбой Абдураҳмон, Бахтиёр Генжамурод, Қутлибека, Абдували Қутбиддин, Зебо Мирзо, Ҳалима Аҳмад, Зулфия Мўминова, Назар Эшонқул, Шодиқул Ҳамро, Абулқосим Мамарасул, Фахриёр, Салим Ашур, Иқбол Мирзо, Ғулом Мирзо, Рустам Мусурмон, Нажмиддин Эрматов, Жонтемир Жондор деган бетакрор шоиру адиблар борлигини билмайдиганлар кам эмас, ишонинг, жудаям кўп. Ҳатто ихтисослашган ижод мактабларида таҳсил олаётганлар ҳам мен санаган ижодкорлар ижодидан хабардор эканига шубҳам бор...
Хуллас, олтмиш ёшгаям етмайин боқий дунёга сафар қилган улкан адиб дўстим Собир Ўнарнинг шу китоби баҳонасида кўнглимдан кечган аламли хотиралар, дилгир иштибоҳларни сизларга илиндим...
Норқобил Жалилов, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter