Шўманойдаги вазиятни харитага бир қараб ҳам билса бўлади — Ҳоким
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга қилган ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўнта устивор йўналиши белгилаб берилган эди. Шўманой туманида бўлиб ўтган туман Халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши айнан ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бағишланди. Дастлаб туман ҳокими Баходир Янгибоев халқ вакилларига ҳисобот берган бўлса, ўз навбатида депутатлар ҳам ҳокимни саволга тутишди.
— Туманимизда яқинга қадар ҳам корхоналар йўқ эди, 2017 йилгача Шўманойда умуман саноат ишлаб чиқариши бўлмаган, — айтиб ўтди ҳоким. — Мана энди бирин-кетин қурилмоқда. Жорий йилнинг март ойида «Шўманой Экотекс» текстил корхонаси ишга тушди.
Корхона ишга тушгач, туманда саноат ишлаб чиқариши кескин ортди. Таққослаш учун — 2017 йилда 23 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган эди. 2018 йилда 39 миллиард ва 2019 йилда 56 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Жорий йилнинг 9 ойида эса 104 миллиардлик ишлаб чиқаришни амалга ошириб қўйдик. Демак, келаси йил натижаларимиз кескин яхшиланишини кутсак бўлади.
Маълумот учун: «Шўманой Экотекс» МЧЖ 2020 йилнинг март ойида тўлиқ қувватда ишга туширилган бўлиб, 480 нафар ишчи 3 та сменада фаолият олиб боради. Корхонада пахтадан ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, йиллик қуввати 7300 тоннадан иборат.
Ушбу корхона ишлаб чиқарган маҳсулот Россия, Хитой, Туркия ва Беларусга экспорт қилиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўзида 5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот четга сотилиши режалаштирилган.
Кенгаш давомида ичимлик суви мавзуси бир неча бор кўтарилди. Афсуски сифатли ичимлик сувига бўлган эҳтиёж айниқса Шўманойда жуда долзарб. Депутатларнинг саволи шу ҳақда бўлди — чекка ҳудудларга қачон сув етиб боради?
— Дарҳақиқат Шўманой туманида ичимлик суви билан таъминлаш энг паст даражалардан бўлиб турибди, — дея тан олди Баходир Янгибоев. — Шу мақсад йўлида икки миллиард сўмдан 4 миллиард сўмгача бўлган маблағ йўналтирилди. Туманда катта бир муаммо бор — Шўманой билан танишиб чиққан ёки шунчаки харитага бир қараган одам ҳам аҳоли пунктлари қай даражада тарқоқ жойлашганини кўриши мумкин. Айнан шу ҳолат қўшимча муаммоларни юзага келтирмоқда.
Шунга қарамасдан ичимлик суви билан таъминлаш ишлари тўхтаб қолгани йўқ. Энг асосий масала —халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, рози қилиш. Шу ўринда бироз рақамларга тўхталсак, 2018 йилда сув таъминоти 49 фоиз эди, 2019 йилда 52 фоизга етди. Бугунги кунги кўрсаткич 66 фоиз бўлиб турибди. 2021 йил дастурида Сержан, Бесқудуқ каби чекка овулларни сув билан таъминлашни режалаштирганмиз.
Туманда шундай аҳоли пунктлари борки, 5 ёки 6 тагина хонадондан иборат. Бундай жойларни ер ости суви билан таъминлаш режалаштирилган. Артезиан қудуқлар қазилади ва чиқарилган сув махсус текширувдан ўтказилади. СЭОМ рухсат бергандан сўнг бу сувдан фойдаланиш мумкин бўлади.
Депутатларни қизиқтирган яна бир масала — болалар боғчаси бўлди. Саволнинг диққатимизни тортган жойи қуйидагича эди: «Умримизнинг давоми бўлмиш фарзандларимиз учун болалар боғчалари қуриладими?»
— Бу бўйича етарлича иш олиб бориляпти. Икки йил олдин боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш 26 фоиз эди ҳолос. Президент Шавкат Мирзиёевнинг аввалги ташрифлари вақтида бу муаммони тезликда ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилганди ва туманда 3 та болалар боғчаси қурилди. Ҳозирда болаларни қамраб олишни 66 фоизга етказдик. Бу ишлар ҳали давом этмоқда, келаси йил яна боғчалар қурилиши кутилмоқда. Хусусий тармоқда 14 та болалар боғчаси қурилади. Афсуски чекка ҳудудларда муаммо кучлироқ. Шу сабабли айнан шу томонга эътибор қаратамиз. 2021-2022 йилларда чет ҳудудларда 4 та боғча қуриш режалаштирилган.
Кенгаш давомида депутатлар бир нарсага алоҳида эътибор қаратишди —туман ҳудудидан ўтган каналдаги кўприклардан бири жуда оғир аҳволда. Қурилганига анча бўлган, шу боис ҳозирда янги кўприкка эҳтиёж бор. Хўш, бу ишнинг иложи борми?
— Дедек овулига ўтиб борадиган йўлда қурилган кўприк шу вақтга қадар эгасиз эди. Бир вақтлар Шўманой канали қазилганда кўприк ҳам қуриб кетилган, аммо шундан сўнг унга эгалик қиладиган ташкилот бўлмаган. Яқинда амалга оширилган ташриф давомида Президентга 24 та муаммо кўрсатилди. Давлат раҳбарининг топшириғи билан бу муаммоларнинг барчаси ҳал қилинмоқда. Шулар қаторида кўприк масаласи ҳам бор. Айни вақтда бу бўйича иш бошлаб юборилган ва яқин вақтларда янги кўприк фойдаланишга топширилади.
Шўманойда бўлганимизда бир нарсага эътибор қаратдик — ҳудуддаги ҳамма муаммолар ҳам ҳокимликка тегишли эмас экан. Хусусан, тумандаги кўмир кукунидан брикет ишлаб чиқарадиган кичик корхонани олсак. Уни ишга тушириш учун тадбиркор банкдан 3 миллиард сўмга яқин кредит олган. Аммо икки йил олдин очилган корхона бир ҳафта ишлаган холос. Чунки унга оддийгина хом-ашё — кўмир кукуни берадиган ташкилот йўқ.
— Ушбу корхона ойига 3 минг тонна кўмир кукунини қайта ишлашга қурби етади. Аммо хом-ашё йўқ. Бу борада Вазирлар маҳкамасига мурожаат қилинган. Шундан сўнг «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга топшириқ берилган эди. Ташкилот мутахассислари корхонани келиб ўрганди ва хом-ашё етказишга ваъда беришди. Аммо ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Шу орада «Ўзбеккўмир» вакиллари ҳам келди, аммо фонд ажратилмади, деган важ билан яна хом-ашёсиз қолиб кетдик. Афтидан яна Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қиламиз шекилли. Агар масалани ҳал қиласак, ушбу кенгашдан ундирган яна бир фойдамиз шу бўларди, — деди Баҳодир Янгибоев.
Кенгашдан чиқарилган хулоса — туманда муаммолар бор, аммо уларни ҳал қилишга бўлган ишонч ҳам етарли. Туман ҳокимининг таъкидлашича, Президент ташрифи вақтида тадбиркорларга бериладиган янги имтиёзлар борасида топшириқ берилган.
—Президент ташрифи вақтида учта туман — Бўзатов, Тахтакўпир ва Шўманой туманларига катта имтиёз берилди. Унга кўра, юридик шахслар ер-мулк ва айланма солиқлардан уч йилгача озод қилинади. Биз ҳисоб-китоб қилиб кўрдик, бир йилнинг ўзида 4 миллиард 157 миллион сўм маблағ тадбиркорнинг ўзида қолар экан.
Яхши биламиз, Президент қарорига кўра маҳаллий бюджетлардан орттирилган солиқ тушумлари ҳудудларнинг ўзида қоладиган бўлган. Бу қарор ҳам туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига катта ёрдам бермоқда. Бир неча йил олдин бирор масала чиқиб қолса 100 миллион тугул, 50 миллион сўм топиш ҳам қийин эди. Энди эса бюджетдан ортган пул туманда қоляпти. Натижада анча-мунча ижтимоий масалаларни бемалол ўзимиз ҳал қиляпмиз. 2018 йил 11 та мактабни таъмирдан чиқарган эдик, 2019 йил яна 6 та мактабни ўзимиз таъмирладик. Тадбиркорликни қанча ривожлантириб, солиқ тушумларини оширсак, туманимиз ривожи учун шунча кўп маблағга эга бўламиз. Келаси йилда Шўманойда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари кескин яхшиланиб, етакчи ўринларга чиқишини режалаштиряпмиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter