Шифокор иқрори ёхуд қишлоқни ким ўйлайди?
(Буни ўқигандан кейин мени ёмон кўриб қолувчи кўплаб дўстларим, ҳамкасб акаларим, устозларимга эслатма: «Кимдир барибир айтиши керак-ку... »).
Эрталаб будильник жиринглайди, зўрға кўзни очамиз. Уй совуқ, кўрпадан чиқиш «Ўша светни ўчирган қўлингга ўша-ўшалар...» билан бошланади. На илож... Бир амаллаб печкани тутатиб, чойни наридан-бери ичамизу, ишга чопамиз. тумандан шаҳаргача 30 дақиқали йўл. Йўлда кета-кетгунча яна ўша мавзу: «Кўмирнинг зўри 1700 сўммиш... Печканинг «буқаси» чиқипти-ю, лекин қиммат экан-да... ва ҳоказо».
Ишхона вилоят марказида, свет яхши, кондиционержон ишлаб турибди, иссиққина, каттагина реанимацион интенсив даволаш хонаси (қиш кунлари қисқа-да, йўқса, уйдаги совуқдан шу ишхона ҳам яхши).
Эрталабки «обход бошланади. Бемор: А. З,5 ойлик чақалоқ, фалон туман, фалон қишлоқдан. 20 кун аввал фалон бўлимга ётқизилган, аҳволи оғирлашгач, жонлантириш бўлимига ўтказилган (кечаги ичкиликка баҳона бўлган норасида шу. Нега дейсизми, бу ҳақда қуйида ўқийсиз). Ташхис: «Пневмония внеболничная тяжёлое течение. Дыхательное недостаточность 2. Энцефалопатия. Кома».
Бемор аҳволи динамикада ўта оғир. Касаллик йигирма кун олдин бурни оқиб, акса уриб, шамоллаш ва грипп юққанидан бошланган. Онасини тергаб кетаман, нега болани эҳтиёт қилмадингиз деб... Кўзларини ерга қадаганча уй совуқ эди, дейди.
Бир неча марта нафас олиш тўхтаб қолгани сабаб бола сунъий нафас бериш аппаратига улаб қўйилган. Лекин ўпка шамоллашидан ташқари асосий номаълум касаллик ҳам борки, тўғри ташхис қўйиш учун шароит йўқлигидан (ишонинг, шароит дегани кўп нарсаларни ўз ичига олади) ташхис қўйилмаяпти ва асосий касаллик номаълумлигича қолиб, 5 ойлик қоракўз, кимнингдир жигарбанди, кўзининг оқу қораси шунчаки жон таслим қиляпти. Кўз олдимизда... (аслида жонлантириш бўлимидаги шифокорлар кунда, кунора ўлим билан юзма-юз келади. Тақво дегани бизда бўлиши керак, аслида). Лекин негадир бунинг акси – дўхтирлар ичида энг пиянистаси шулар бўлади. Балки мана шу каби гўдакларнинг қайсидир ифлоснинг саводсизлиги, виждонсизлиги, ҳакалак отган нафси сабаб жон бераётганини кўраверишганидан шундайдир. Хуллас...) Касалхона ойналарини уриб синдиргим келади, лекин фойдаси йўқ.
Шароит яратиб бериши керак бўлганларга талабномами, аризами кўтариб борсанг, юмшоқ креслосига ёпишиб кетган мансабдорга худди уни амалидан айириш учун келгандек кўринасан. Ожизлик қиламан, жимман...
Ўйлаб кетаман: савод дегани, олий маълумот дегани фақат ўқиш-ёзишни билишми, ўқиган бошқа-ю, уққан бошқами?.. Олий маълумотли одамда, қолаверса, соҳа учун масъул бўлган раҳбарда инсонийлик, виждон, бошқаларга, юртдошларига ғамхўрлик ҳисси бўлмаса, бу қандай саводу, қандай олий маълумот?..
Қўлим қичиб, миям қизиб, бир нарсалар ёзаман деб турсам, аппарат нафас олиш ва юрак уриши тўхтагани хақида сигнал бериб хонани бошига кўтаради... Ҳамкасбим «атропи-и-ин» деб бақиради... Ўпка-юрак реанимациясини бошлаймиз... Юракни уқалайман... Хайрият, юрак ритми тикланади... Жараённи ҳужжатлаштиришга тутинамиз...
Гўдакка қараб, қачонки амалдор амакиларга гапини ўтказа оладиганлару, халқ орасида юриб, уларнинг дардини очиқ айтадиган юраги борлар кўпайса, раҳбарлар ҳам халқини чиндан ўйлай бошласа, ўшанда хаммаси яхши бўлади, дейман ичимда...
Бекзод Ахмадалиев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter