ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига автосаёҳат ташкил қилинди
Жорий йилнинг 19 август куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Тошкент шаҳридаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат» лойиҳаси ва унинг доирасидаги «XV халқаро off road фестивали» якунлари бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчиси Лола Раҳмонбоева, вазирлик оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Абдуллаева, Тошкент вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Бобожонов, «Покатушки клуб» директори Отабек Олимжонов ва бошқа масъул шахслар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Анжуманда нутқ сўзлаган Лола Раҳмонбоева мазкур автосаёҳат Ўзбекистон Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитини юқори савияда ўтказишга доир топшириғига мувофиқ, саммитда Самарқанд руҳини акс эттиришга қаратилган туркум тадбирлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Матбуот анжуманида ўтказилган тадбирлар аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Туризм ва маданий мерос вазирлиги оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Абдуллаева «ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат» лойиҳаси ва унинг доирасидаги «XV халқаро off road фестивали» Ўзбекистонда автотуризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Маълум қилинишича, ушбу тадбирларда иштирок этиш учун ШҲТга аъзо давлатлардан Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Монголия ҳамда МДҲга аъзо давлатларидан Озарбайжан, Грузия ва Арманистон Республикаларидан 800 га яқин иштирокчилар (200 га яқин йўл танламас автомобиллар ва 10 дан зиёд маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ва блоггерлар ҳамда 500 га яқин тадбир меҳмонлари ва томошабинлар) ташрифи амалга оширилиб, иштироки таъминланди.
Анжуманда нутқ сўзлаган Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов off-road фестивали йўл танламас автомоблиллар ишқибозлари, автотуризм ихлосмандлари учун ҳақиқий совға бўлганини айтиб ўтди.
«Автотуризм бизда янги йўналиш бўлиб, тез ривожланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили бу фестивалга 500 нафар атрофида туристлар келган бўлса, бу гал 800 нафар турист off-road фестивалига ташриф буюрди. Бу эса Ўзбекистон автотуризмига қизиқиш ортиб бораётганини билдиради. Таъкидлаш керакки, фестивал давомида атроф-муҳитга зарар етказилгани йўқ», — деди Жамшид Бобожонов.
«Покатушки клуб» директори Отабек Олимжонов эса фестивални ўтказишдаги ташаббускорлик учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирди.
«Ушбу фестивалнинг асосий ютуғи – хорижлик автопойгачилар билан бевосита тажриба алмашилди, – деди Отабек Олимжонов. – Мақсад Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларигача етиб бориб, йўл инфратузилмаларини яхшилаш, автотуризм борасидаги муаммоларни бартараф этишдир. Бугун чет эллик туристлар Ўзбекистонда автотуризм жадаллик билан ривожланиб бораётганидан ҳайратдалар ва мамлакатимизга интилишяпти. Бу эса юртимизда автотуризмни ривожлантириш учун жуда яхши имкониятдир».
Матбуот анжумани давомида келгусида мамлакатимизда джип туризми ва off-road туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Олдинда турган янги лойиҳалар ҳақида фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2021–2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида сиёсат, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишларда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида 50 дан зиёд тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter