«Шахсий машинам йўқ. Пулим етмайди машина олишга» – Алишер Қодиров
«Миллий тикланиш» партияси Марказий кенгаши раиси, депутат Алишер Қодиров «UzAuto Motors»ни ҳимоя қилиб чиққанидан сўнг, унинг ўзи танқидлар остида қолганди. Жумладан, депутат ва TROLL.UZ блоги муаллифи Умид Ғофуров ўртасида кескин баҳс юзага келганди. Маълум бўлишича, улар бугун учрашиб, гаплашиб олишган. Блогер учрашувдаги суҳбатнинг айрим қисмларини эълон қилди.
«Бугун соат 16:00 ларда Алишер Қодиров билан учрашув бўлиб ўтди. Тахминан 1 соатча суҳбатлашдик. Видео, аудио ёки расм йўқ. Чунки Олий Мажлис биносига телефон билан киришнинг имкони йўқ. Соатларимгача топширдим.
Суҳбатимиз узоқ бўлмади, лекин баъзи саволларни бердим. Ёнимда телефоним бўлмаганлиги боис, хотирамда қолганича ёзяпман», дейди блогер.
1.
- Машинангиз қанақа?
- Шахсий машинам йўқ. Пулим етмайди машина олишга. Хизмат машинаси – «Малибу 2».
2.
- Ойлик даромадингиз қанча?
- 5 млн сўмдан сал ўтади. Барча премиялари билан бирга. Соф ойлик 3,8 млн атрофида.
3.
- Нега «UzAuto Motors»ни мақтадингиз?
- Мен уларни мақтаганим йўқ. Шунчаки 34 трлн сўмли ЯИМ дан воз кечиш нотўғрилигини айтдим. Мен аста-секинлик билан уни трансформациялаш тарафдориман. Завод жуда кўп камчиликларга эга. Уларни бартараф қилиш зарур, аммо уни ёпиб, «растаможка»ни очиш йўли билан эмас. Мана, трансформация қилиш бўйича топшириқлар берилди. Кейинчалик фақат электромобил ишлаб чиқаришга мослаштирилади. Бошқа турдаги машиналар «растаможка»си очилишига ишонаман.
4.
- Расул Кушербаевга муносабатингиз?
- У бизнинг партиямизга аъзо бўлишини истайман. Уни жуда ҳурмат қиламан.
- Унда нега унинг «UzAuto Motors» ҳақидаги фикрига қарши чиқдингиз?
- Бу нормал ҳолат. Партия ичида ҳам барча фикрлар бир хил чиқмайди. Қайсидир фикрлар тўқнашади.
5.
- Кўпчилик мендан янги партия тузишни илтимос қилмоқда. Бунга қандай қарайсиз? Партия очиш имкони борми ўзи?
- Албатта. Агар киришилса уддаласа бўлади. Фақат янги партия тузилгани билан, одамларимиз ўша-ўша. Уларни ўзгартиришимиз керак. Шундай ниятинигиз бўлса, бизни партияга аъзо бўлинг, депутат бўлинг. Биз хурсанд бўламиз. Бизни қўллаб қувватланг. Халқ партияни тошбўрон қилгани билан муаммолар ечимини топмайди. Биргалашиб ечим топишимиз керак.
6.
- Бирор бир партия билан ҳамкорлик қилсам, одамлар мени тушунишмайди. Ишончларини йўқотаман.
- Нега шундай? Партия - менинг хусусий фирмам эмас. Мен бу ерда вақтинча ишлайдиган одам. Партия халқники. Партияни халқ бошқариши керак. Талаб қила олиши керак. Ҳамкорликдан ҳеч ким зарар кўрмайди. Ҳаммамиз ўз имиджимизни ўйлаб яшайверсак кимга фойда? Эртага сиз менинг ўрнимда партия раиси бўлишингиз мумкин. Партия халқнинг қўллаб-қувватлаши билан жамиятни ўзгартириш учун ишлайди. Сизга ўхшаган одамлар дастак бермаса, партиялар ҳеч нарсага эришмасдан йўқ бўлиб кетаверади. Муаммолар эса улғайиб бораверади. Умумий мақсадимиз Ўзбекистонни ўзгартириш бўлса, бирлашишимиз, бирга ҳаракат қилишимиз жуда муҳим.
7.
- Ҳозирги суҳбатимиз давомида анча муаммолар кўтарилди. Нега шуларни очиқчасига гапирмайсиз?
- Гапирамиз. Лекин битта одам тушунса, ўнта одам тушунмайди. Бугун жуда кўплар масалага объектив қарай олмайди. Айниқса, раҳбарларнинг ўрта қатламида масалани тушуниб-тушунмасдан тортишишлар асаб темирдек бўлишини талаб қилади. Шу сабабли муаммоларни фақат айтиш эмас, ечимлари бўйича таклифни ҳам тайёрлашга эътибор қаратаяпмиз. Лекин барибир, одамлар ўзгариши, айниқса, раҳбарлардаги дунёқарашнинг ўзгариши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
8.
- Тонировка тўловини бекор қилиш масаласини олиб чиққан эдингизлар. Охиригача борасизми? Ахир бу сояга солиқ тўлашку. Бутун дунёда текин. Бизда пуллик.
- Мен ҳам худди шу гапларни ёзганман хатимда. Ҳозирча тўлов 3дан 1га пасайтирилди. Бу масалани яна кўтарамиз. Инсон соғлиги учун ўрнатилади бу, пуллик бўлиши мумкин эмас.
9.
- Нега депутатлар ва партиялар ҳалиям эскича форматда иш юритади? Янгилик йўқ.
- Кўп депутатлар ўзгарган. Лекин, бу етарли эмас. Партиялар ҳам ўзгараяпти. Қолганларга тўлиқ жавоб бермайман, лекин «Миллий тикланиш»да катта ўзгаришлар амалга оширмоқчимиз. Шу билан бирга жамиятда ўзгариш бўлиши учун ҳаммамиз бирга ишлашимиз керак. Фақат парламент ёки партиялар ўзгарсаю, одамлар ўзгармаса, ривожланиш барибир бўлмайди.
10.
- Чекка туманларга қандай машинада борамиз?
- Бизга махсус хизмат машинаси ажратилади. Хусусий машинада боролмайман. Пиёда юришимиз мумкин туманларда. Туманлардаги хонадонларга борамиз...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter