Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев қўшинлар машғулотини бевосита кузатди (фото)

Шавкат Мирзиёев қўшинлар машғулотини бевосита кузатди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи «Термиз» дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари бригадасининг тактик ўқувини кузатди.

Сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз тубдан ислоҳ қилиниб, қўшин турларининг қўлланилиш тактикаси ва стратегияси такомиллаштирилди. Бўлинмаларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш, жанговар ҳаракатлар ва операцияларни учувчисиз учиш аппаратлари, авиация ва артиллерия имкониятларидан кенгроқ фойдаланган ҳолда олиб боришнинг замонавий тажрибаси амалиётга жорий этилди.

Хусусан, бу жараён гуруҳ, взвод ва бригада тактик ўқувларида топшириқларни минимал йўқотишлар билан бажариш, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг энг замонавий намуналарини қўллаш, авиация ёрдамида умумқўшин бўлинмаларига мадад бериш, ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларида, шаҳар шароитларидаги махсус операциялар, бўлинмаларни эвакуация қилиш каби машқларда ўз аксини топмоқда.

Ушбу машғулотлар жаҳонда кузатилаётган ҳарбий ҳаракатлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўтказилди.

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони дала ўқув майдонида ҳарбий хизматчилар билан олиб борилаётган 20 дан ортиқ ўқув жойларидаги жанговар тайёргарлик машғулотлари билан танишди. Шунингдек, дала шароитида мобил техник-таъмирлаш заводининг имкониятлари, қўмондонлик бошқарув пункти фаолияти кўздан кечирилди.

Президентимиз ташаббуси билан сўнги олти йил давомида Мудофаа тизимидаги барча дала ўқув майдонлари, ҳарбий қисм ва муассасаларда халқаро талаблар асосида қурилиш ва таъмирлаш, замонавий воситалар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

«Термиз» дала ўқув майдонида ҳам Қуролли Кучлар шахсий таркибининг дала шароитида жанговар билим, кўникма ва руҳий таёргарлигини ошириш, тактик ўқувларни ўтказиш ҳамда ҳарбий санъат соҳасида изланишлар олиб бориш, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирди.

Шу ерда бригада тактик гуруҳи шахсий таркиби билан мулоқот бўлди. Президентимиз дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлади.

Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг