Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак!»

Шавкат Мирзиёев: «Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак!»

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантиришда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш жуда муҳим. Дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланади. Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда 7 фоизни ташкил этади.

Афсуски, мамлакатимиз бу борада дунё бозоридан узоқлашиб кетди. На тегишли идоралар ва на ҳудуд раҳбарлари интеллектуал мулк масаласига эътибор берди. Шу сабабли ихтирочи олим ва ижодкорларимиз хорижга чиқиб кетди. Илмий институтларимиз инновациялар, тармоқлар эса харидоргир ишланма ва брендлар ярата олгани йўқ.

Бўлган тақдирда ҳам аксарият ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари бўйича мурожаатлар илмий ишни тезроқ рўйхатдан ўтказиб олиш мақсадида қилинмоқда. Бу борадаги талаблар ҳам эскириб қолган.

Йиғилишда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириб, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир идора ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги ва Интеллектуал мулк агентлигига барча идоралар ва ҳудудлар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг муҳокама қилиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Интеллектуал мулк яратувчиларини рағбатлантириш, патент эгаларини мукофотлаш каби имтиёзлар тизимини жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда йилига 4 минг 500 атрофида интеллектуал мулк объекти, жумладан, 2 мингдан зиёд товар белгилари рўйхатдан ўтади. Мисол учун, Навоий кон-металлургия комбинати сўнгги ўн йилда 35 та ихтирони рўйхатдан ўтказиб, уларнинг 16 тасидан 400 миллиард сўмдан ортиқ иқтисодий самара кўрган. Бу ишланмаларни бошқа давлатларнинг олтин қазиш корхоналарига сотиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Лекин бундай ихтиролар хорижда рўйхатдан ўтказиб келинмоқда. Чунки юртимизда қийматни баҳолаш тизими амалда ишламаяпти. Бунинг оқибатида кўплаб ишланмалар тижоратлаштирилмай қолиб кетмоқда.

Шу боис Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти мутахассислари билан баҳоловчилар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Келгуси йил биринчи чоракда саноат мулки патентлари платформасини яратиб, унга саноат тармоқларидаги интеллектуал мулк объектларини жойлаштириб бориш, вилоятлардаги корхоналар ва олий ўқув юртларининг интеллектуал мулк объектлари базасини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўтган йили 400 га яқин ихтиро, 110 та фойдали модел, 170 та саноат намунаси, 36 та селекция ютуғи рўйхатга олинган бўлсада, атиги 43 та илмий ишланма тижоратлаштирилган холос. Шу боис бундай илмий ютуқларнинг «электрон ярмаркаси»ни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

— Патент эгаларини тадбиркорлар билан боғлаш керак, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари маҳаллий товар белгиларини халқаро рўйхатдан ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Бугунги кунда мамлакатимиз саноатининг бор-йўғи 72 та товар белгиси халқаро рўйхатдан ўтказилган. Лекин бу жуда кам. Аслида эса имкониятлар талайгина.

Масалан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Шеробод анори, Олтиариқ ва Паркент узуми, Хоразм қовуни, Сурхондарё хурмоси каби машҳур брендларни ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиб, халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш мумкин.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий брендларнинг халқаро рўйхатдан ўтишини кўпайтириш, уларнинг халқаро бозорга чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Юридик университет ҳамда жойлардаги ҳуқуқшунослик факультетларида тадбиркорлар учун интеллектуал мулкни яратиш ва ҳимоя қилиш бўйича ўқувлар ташкил этилиши белгиланди.

Тадбиркорлар маҳсулотларини брендга айлантириш дастури ва электрон майдончасини ишлаб чиқиб, ҳудудларда брендлар ярмаркаси ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

— Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак, бренди бўлсагина маҳсулотларимиз ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллай олади, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Айрим тадбиркорлар халқаро брендлар билан бир хил номни рўйхатдан ўтказиб олгани сабабли хорижий инвестиция келишига тўсиқ бўлаётгани кўрсатиб ўтилиб, бундай ҳолатларни тартибга солиш юзасидан кўрсатма берилди.

Яна бир муаммо — юртимизда санъат ва адабиёт асарларидан муаллифнинг розилигисиз фойдаланиш, ундан даромад олиш ҳолатлари кенг тарқалган.

Мисол учун, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиб, ойлик тўлов ундирадиган онлайн кинотеатрларда 30 мингдан ортиқ кино, сериал, қўшиқ, мультфильмлар жойлаштирилган бўлишига қарамасдан, бундан муаллифлар моддий манфаат кўрмайди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Интеллектуал мулк агентлигига мамлакатимизда рўйхатга олинган кўнгилочар сайтлар, радио ва телеканалларни ўрганиб, муаллифлар манфаатларини таъминлаш вазифаси қўйилди.

— Интеллектуал мулк ҳимоясини мустаҳкамлай олсак, бу ҳам учинчи Ренессансга ишончли пойдевор бўлади, — деди Президент.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарлар ахборот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг