Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев грипп тарқалишига қарши курашиш бўйича қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев грипп тарқалишига қарши курашиш бўйича қарорни имзолади

Кадр: «Youtube»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 18 май куни «Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш соҳасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилди.

Қуйидагилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа масъул идораларнинг грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар тарқалишига қарши курашиш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланди:

— умумжаҳон ва минтақавий санитар-эпидемиологик ҳолатнинг доимий таҳлили ҳамда мониторингини олиб бориш, мамлакатда грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалиши тенденциялари ҳамда кенг тарқалиши мумкин бўлган ҳолатларни прогноз қилиш;

грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда уларни мувофиқлаштириш, вакциналар, вирусга қарши воситалар ва ҳимоя воситаларининг, ушбу касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ҳамда даволашнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

соғлиқни сақлаш муассасалари ва аҳолини зарур ҳажмда долзарб вакциналар, вирусга қарши воситалар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан ўз вақтида таъминлаш ва уларнинг захирасини шакллантириш;

грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг комплекс профилактикасини, биринчи навбатда, юқтириш ва оғир оқибатларга чалиниш хавфи юқори бўлган аҳоли тоифасининг умумий вакцинациясини ташкил этиш орқали амалга ошириш;

кенг тарқалиши мумкин бўлган грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг илк эпидемиологик белгиларини аниқлаш ва келгусида аҳоли ўртасида касалланишни камайтириш учун комплекс шошилинч чора-тадбирларни амалга ошириш.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг