Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Бухорода Карим Камолов қабрини зиёрат қилди (фото)

Шавкат Мирзиёев Бухорода Карим Камолов қабрини зиёрат қилди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Бухоро ҳокими вазифасини бажарувчи, давлат ва жамоат арбоби Карим Жамолович Камолов 22 август куни 65 ёшида вафот этди. Марҳум Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати Имом» қабристонига дафн этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни бу ерга ташриф буюриб, Карим Камолов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзининг 47 йиллик фаолияти давомида Карим Камолов чинакам раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан улкан ҳурмат қозонгани, Бухоронинг ҳар томонлама ривожланиши ва обод бўлишига катта ҳисса қўшгани таъкидланди.

Карим Камолов 1955 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини битириб, меҳнат фаолиятини қурилиш соҳасида бошлаган. 1994-2007 йилларда Бухоро шаҳри ҳокими сифатида меҳнат қилган. Шаҳарнинг 2500 йиллиги кенг нишонланди, халқаро фестиваллар муваффақиятли ўтказилди. Қадимий обидалар обод қилиниб, туризм инфратузилмаси яхшиланди.

Карим Жамоловичнинг бой билим ва тажрибаси 2007-2017 йилларда «20-трест» масъулияти чекланган жамият раиси бўлиб ишлаган пайтларида қўл келди.

У 2017 йилдан Бухоро шаҳри ҳокими, 2020 йил февралдан Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлади. 

Карим Камоловнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматлари муносиб тақдирланиб, у «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг