Шавкат Мирзиёев Ангела Меркелни Ўзбекистонга таклиф қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 март кунининг иккинчи ярмида Германия Федерал канцлери Ангела Меркель билан видеоанжуман шаклида музокара ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Бугунги кунда жаҳоннинг илғор мамлакатларидан бири бўлган Германия саноат ва технологиялар борасида тан олинган пешқадам сифатида глобал иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Бундан ташқари, Германия пандемия оқибатларини енгиб ўтиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суришда фаол иштирок этиб, жаҳон мамлакатларига, шу жумладан Ўзбекистонга катта амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Хусусан, Германия кўмаги билан COVAX ташаббуси доирасида шу ойнинг охирида мамлакатимизга коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи йирик партияси етказиб берилади. Бундан ташқари, Европанинг юқумли касалликларни ўрганиш соҳасидаги нуфузи илмий-тадқиқот муассасаси – Роберт Кох институти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.
Ўзбекистон ва Германия етакчиларининг бугунги учрашуви кун тартибидан жаҳонда мураккаб эпидемиологик вазият оқибатида инқирозли ҳодисалар кучайиши шароитида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти ва Германия Канцлери икки йил аввал Берлин шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани икки томонлама муносабатларнинг барқарор суръатлар билан ривожланишини таъминлаётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда янги демократик янгиланишлар сиёсатини оғишмай қўллаб-қувватлаётгани ҳамда юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга молиявий-техник жиҳатдан кўмаклашиш дастурини кенгайтираётгани учун ГФР ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Германия Ўзбекистоннинг муҳим технологик ва инвестициявий шериги бўлиб келмоқда.
Кейинги йилларда ўаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар кўпайди, 50 га яқин янги қўшма корхона ташкил этилди. Ўзбекистонда Германиянинг «MAN», «Claas», «Knauf», «Papenburg» каби машҳур компаниялари фаол ишламоқда. «Volkswagen» ва «Viessmann» компаниялари илк бор юртимиз бозорига кириб келган бўлса, узоқ танаффусдан сўнг «Siemens» ва «Bosch» компаниялари қайтиб келди. Ўтган йилда Германия компаниялари томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 700 миллион доллардан ошди.
Учрашувда қўшма лойиҳалар, ишбилармонларнинг алоқалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, етакчи немис компаниялари ва банк институтларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга келишиб олинди.
Кооперациянинг янги йўналишларини, энг аввало, индустриал кластерлар, рақамлаштириш ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон-Германия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги учрашувини ўтказиш режалаштирилди.
Томонлар мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласида ҳамда Европа Иттифоқи билан конструктив мулоқот доирасида, шу жумладан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлашни тез фурсатда якунлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва гендер тенглик каби устувор йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.
Гуманитар алмашинувлар соҳасида Ўзбекистонда немис тилининг ўрганилишини кенгайтириш ва бу борада тегишли давлат дастурини қабул қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Президенти ва Германия Канцлери халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Мамлакатимизнинг Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги сиёсати қўллаб-қувватланди. Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш, шу мақсадда транспорт ва энергетика соҳаларида минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш мақсадида кўрилаётган саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди.
Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев Федерал канцлер Ангела Меркельни Ўзбекистон Республикасига ташриф билан келишга таклиф қилди.
Ўзбекистон ва Германия етакчиларининг учрашуви ҳар доимгидек очиқ ва конструктив муҳитда, ишчан ва дўстона руҳда ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter