Шаҳрисабз тумани ҳокими блогер Қобул Дўсов устидан прокуратурага шикоят қилди
Ижтимоий тармоқларда блогерлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Қобул Дўсов ўз саҳифасида Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов ҳақида пост жойлади. Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги туман ҳокими шаънига нисбатан ишлатилган ҳақоратомуз сўзларни ёзган блогер устидан прокуратурага мурожаат қилган.
«Масалага бир томонлама ёндашиб, туман ҳокими Самад Ҳасанов номига ҳар хил ҳақоратомуз сўзлар қўллаган, муаммонинг туб моҳиятига етмаган Қобул Дўсовнинг ҳатти-ҳаракатларини туман ҳокимлиги ўзаро муносабатларда «чегарадан чиқиш» деб баҳолайди.
Маълум қилинишича, Қобул Дўсов бу масалада туман ҳокимига жорий йилнинг 25 март, жума куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шаҳрисабз туманидаги Халқ қабулхонаси билан биргаликда секторлар раҳбарларининг фуқаролар билан қабули вақтида тўрт марта қўнғироқ қилиб, туман ҳокимига Адиба Нарзуллаева исмли шахс унинг «келин»и экани, «ука»сининг рафиқаси бўлишини, унинг меҳнат низоси билан боғлиқ муаммоси ечим топмаётгани, бу ишни ҳоким бевосита «бир оғиз гапи билан» ҳал қилиб беришини, ушбу низони ҳал этиш юзасидан суднинг қарори бўлсада, суднинг қарорига зид равишда ҳокимлик ваколатидан фойдаланиб, «келиним» деб таништирган Адиба Нарзуллаеванинг ишини тиклаб беришини талаб қилган.
Қобул Дўсов туман ҳокими билан телефон орқали қилган мулоқотида ҳокимга «судни сиз назорат қиласиз, ака», деб айтиб ўтган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги қонунининг 9-моддасида судьялар мустақил ва фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Қобул Дўсовнинг «Кобул Дусов» телеграм канали орқали тарқатган туман ҳокими шаънига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар қўллагани устидан қонуний тўхтамга келиш учун тўпланган ҳужжатлар ҳамда Қобул Дусов ва ҳоким ўртасидаги мулоқотига доир (аудиоёзув шаклида) маълумотлар вилоят прокуратурасига юборилди», – дейилади Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter