Сенаторлар ўзлари маъқуллаган қонунни эслай олишмади
Янги таҳрирдаги «Давлат тили тўғрисида»ги қонун 2021 йил 26 июн куни Сенат ялпи мажлисида маъқулланган эди.
19 ноябрь куни АОКА мажлислар залида Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Kun.uz мухбири Сенат томонидан 5 ой олдин маъқулланган «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг кейинги тақдири билан қизиққан.
Сенатор Наримон Умаров журналистнинг саволига жавобан бу қонун янги таҳрирда Сенатга ҳали кирмаганини билдирган.
«Давлат тили тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда бизга кирмаган. Буни кимлардир ишлаётганидан хабаримиз бор. Лекин бу ҳали лойиҳа сифатида ҳам кўрилмаган. Маълумотингиз учун, Қонунчилик палатасидан бизга ҳали кириб келмаган», – деган сенатор.
Шундан сўнг журналист тушунмовчилик бўлаётгани, ушбу қонун Сенатда аллақачон маъқулланганини тушунтиришга уринган. Аммо Наримон Умаров кескин рад этган.
«Биз кеча-кундуз Сенатда ўтириб ишлаймиз, сиз эса ёдингизга бир келганда Сенат билан гаплашасиз. Кирган бўлса, айтардик. Кирган дердик. Қонунчилик палатасидан сўранг, дўстим. Бизда йўқ. Нима, ёш болага ўхшаб бир-биримизни аниқлаштирамизми энди?
Кимдир сайлов олдидан қонунда ўзгариш қиламан деб юрибди, лекин бу ҳали ўзгариш дегани эмас. У қонун ҳали кириши керак, лойиҳа сифатида қабул қилиниши керак», – деган Сенат аъзоси.
Аслида эса «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси шу йилнинг 24 март куни қабул қилган.
Шундан кейин қонун 26 июн куни Сенатнинг 16-ялпи мажлисида муҳокама қилинган ва маъқулланган. Бу ҳақда Сенатнинг расмий сайтида ҳам маълумот берилган.
19 ноябрдаги матбуот анжуманида Наримон Умаровдан ташқари яна ўндан ортиқ сенатор қатнашсада улар ҳам масалага аниқлик киритмай, сукут сақлашган.
Конституциянинг 84-моддасига асосан, Сенат маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун ўн кун ичида президентга юборилади. Қонун президент томонидан 30 кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter