Сенат «сўконғич МИБ бошлиғи» бўйича изоҳ сўради
Шу кунларда интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда «Ангрен МИБ бошлиғи ходимларини сўкиб, ярим тунда бошқармага боришни буюрди» сарлавҳали хабар муҳокама марказида бўлмоқда.
Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи М.Юсупова ходимларнинг телеграм гуруҳидаги ижро ходимларнинг кунлик режасини бажармаганлиги учун уларни касб одобномасига, инсонийлик фазилатларига, қолаверса, аёллик фазилатларига тўғри келмайдиган ҳамда курада турмайдиган сўзлар билан хақоратлаган.
Мамлакатимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиб турган бир пайтда, афсуски, бундай «раҳбарлар» ҳам учрамоқда.
Табиийки, ушбу ҳолат сенаторларни ҳам бефарқ қолдирмади. Шу боис Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Мажбурий ижро бюросидан мазкур ҳолат бўйича Бюронинг Ангрен шаҳар бўлими бошлиғининг хатти-ҳаракатларини атрофлича таҳлил қилиб, қонуний чора кўрилиши ва тегишли ахборот тақдим этилишини сўрайди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда «МИБнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари номидан Бош прокурорга шикоят йўлланган. Ҳолатни марказий аппарат ўрганмоқда» номли хабар эълон қилинган. Ушбу ҳолатни ўрганиш натижалари юзасидан баёнот берилмаган.
Ўз ўрнида, мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганиб чиқилиши ва натижаси юзасидан расмий баёнот берилиши сўралади.
Ушбу ҳолатлар Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назоратга олинди, дейилади Сенат ахборот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter