Сенат раиси Танзила Норбоева чирчиқлик бош шифокор ҳибсга олинишини маъқул иш деб ҳисобламади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олинганини маъқулламади.
Парламент юқори палатаси раҳбари Наманган вилоятига қилган сафари давомида омммавий ахборот воситалари ходимлари билан бўлган суҳбатда «бош шифокор иши»га муносабат билдирар экан, жумладан шундай деган: «Бу жуда ҳам оғир масала. Оғир жиноят қилганлар ҳам четга чиқиб кетмаслик шарти билан уйда сақланади, боласининг олдида, оиласида бўлади. Шу нуқтайи назардан, унинг жинояти қанчалик оғир ёки оғир эмаслигига ҳозир баҳо бера олмайман, лекин аёл киши, кичкина боласи борлигини эътиборга олиб, ҳозирча қамоққа олмаслик ҳам мумкин эди, қачонки суд қарор чиқармагунича».
Куни кеча «Kun.uz» сайти ўз манбаларига таяниб, Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича Бош прокуратура расмийлари билан суҳбатлашгани, аёлга нисбатан қўлланган «қамоқ» эҳтиёт чораси ўзгартирилиши лозимлиги ҳақида фикр билдирганини маълум қилганди.
Гулжаҳон Йўлдошеванинг бошида қора булутлар «Kun.uz» сайтига интервьюсида берганидан сўнг бошланганига тобора шубҳа қолмаётир. Ўшанда у ўзи бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани, коронавирусга чалинган беморларни ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан зарур ёрдам берилмагани ҳақида рўй-рост гапирганди.
Шундан кейин Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига устма-уст текширувчилар кела бошлайди.
Кўп ўтмай Г. Йўлдошева ҳисбга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарлар ортидан Бош прокуратура баёнот бериб, бош шифокорга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилгани, бироқ Г. Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмагани сабаб у мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, пировардида, ҳисбга олинганини маълум қилинади.
Бош прокуратура баёноти ҳали «совуб улгурмай» Чирчиқ шаҳар прокурори Б. Иброҳимов (тергов ҳаракатлари айнан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда!) ОАВ орқали чиқиш қилиб, айбловлар гўёки тасдиқланганини билдиради. Прокурорнинг бундай хатти-ҳаракати жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Чунки, у мазкур чиқиши билан суддан аввал «ҳукм» ўқиши баробарида айбсизлик презумпцияси тамойилини очиқдан очиқ топтаб ташлаганди-да.
Г. Йўлдошевнинг адвокати эса ҳимоясидаги шахс айбсиз экани, тергов ҳаракатлари нохолис олиб борилаётганини таъкидламоқда.
Айни пайтда ҳибсда сақланаётган Г. Йўлдошеванинг олти нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Уларнинг кенжаси эндигина икки ёшга тўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter