Сенат раиси деҳқон бозорларидаги санитария ҳолати талабга жавоб бермаслигини танқид қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Унда сўз олган Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев мамлакатдаги деҳқон бозорларининг санитария - эпидемиологик ҳолати талабга жавоб бермаслигини таъкидлади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
«Маълумотларга кўра, жами 300 га яқин деҳқон бозори ва уларнинг 150 дан ортиқ шохобчасининг аксарияти ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган, савдо расталари етишмайди, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун махсус расталар ва шароитлар яратилмаган», деди у.
Ветеринария - санитария лабораториялари ташкил этилмаган, чиқиндиларни йиғиш учун махсус жойлар ажратилмаган.
Шунингдек, деҳқон бозорларида санитария - гигиена талабларига жавоб бермайдиган, бозор ҳудудининг очиқ майдонларида ёки уй шароитида тайёрланган таомлар билан савдо қилиш амалиёти тобора авж олмоқда.
2018 йилда ўтказилган санитария назорати тадбирларида деҳқон бозорларидаги 46 855 нафар сотувчи тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланган.
Ана шундай бир шароитда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш ҳамда хизмат кўрсатиш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ўз вақтида риоя этилишини таъминлаш бўйича санитария - эпидемиология хизматининг назорат фаолияти чекланганича қолмоқда.
Яъни қонунчиликка мувофиқ, санитария - эпидемиология хизмати текширув ўтказиш учун ваколатли органга буюртма беради.
Буюртма ваколатли орган томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказиш келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.
Бундай амалиёт санитария - эпидемиология хизмати зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ рўёбга чиқариш, айниқса, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларга нисбатан тезкор чоралар кўриш имкониятини деярли йўққа чиқармоқда.
Биргина мисол: 2018 йилнинг сентябрида Қарши шаҳридаги «Бахтли оила» тўйхонасида ўтказилган тўйда 70 нафар фуқаро овқатдан заҳарланган.
Шунга қарамасдан, санитария-эпидемиология марказига ушбу объектдаги заҳарланиш ҳолатини текшириш ва профилактик чораларни амалга ошириш мақсадида қисқа муддатли санитария назоратини ўтказишга рухсат берилмаган.
Шу боис, Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги 2018 йил 7 сентябрда рўйхатдан ўтказилган вақтинчалик низомга тегишли ўзгартишлар киритиш долзарб аҳамиятга эга.
Хусусан, давлат санитария назоратини барча объектларда, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига қарашли савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида исталган вақтда, ҳеч қандай монеликсиз, молия - хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ўтказиш мумкинлигини белгилаш масаласини кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз» деди Сенат раиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter