Сайёр қабул: пешкўликларни нима муаммо қийнамоқда?

1978 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган Пешкў туманидаги 186 ўринли 22-умумий ўрта таълим мактаби 2015 йилда қайта реконструкция қилиниб, бунда ўқувчилар сони ошган бўлса-да, ҳалигача спорт зали йўқ, ошхона масаласи муаммо. Бу ҳақда Пешкў туманида тўртлик секторлари раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабул давомида Бухоро вилояти ҳокимига Қумқўрғон қоровул қишлоғи фуқароси Жўрамурод Худойқулов маълум қилди.
Пешкўдаги «Қумқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган ва пайсалга солиб келинаётган ушбу масалани бартараф этиш, шунингдек, белгиланган тартибда мактабда спортзал ва ошхона ташкил этиш бўйича шу куннинг ўзидаёқ чора-тадбир белгиланди.
—Айни пайтда умумий ўрта таълим мактабимизда 216 нафар ўқувчи таҳсил олади. Спортга қизиқувчи ёшлар жуда кўп. Аммо спорт залининг йўқлиги боис, жисмоний тарбия машғулотларини совуқ кунларда мактабнинг очиқ спорт майдонида ўтказиш қийинчилик туғдириб келган. Сайёр қабул туфайли бу оғриқли масала жорий йилнинг ўзида ҳал этиладиган бўлди,—деди тумандаги 22-умумий ўрта таълим мактаби директори Эркин Турсунов.
Ҳудудида 1 та умумий ўрта таълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда бошқа қатор корхона, ташкилот ҳамда маиший хизмат шаҳобчалари мавжуд тумандаги «Бобоҳожи» маҳалла фуқаролар йиғини, Боғимиришкор қишлоғида эса 1156 та хўжалик мавжуд бўлиб, 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ўтказилган сайёр қабул давомида фуқаро Амин Файзуллаевнинг мурожаат этишича, маҳалла аҳолиси ҳудудни боғлаб турувчи 4 километр масофали йўлга ўз ҳисобидан шағал ётқизган.
—Биз маҳалла аҳолиси бир тану бир жонмиз. Фақатгина мана шу шағал тўлдирилган қатнов йўлларда асфальт ётқизилиб, аҳолимизни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган ушбу масала бартараф этилса,—деди А. Файзуллаев ўз мурожаатида.
Сайёр қабул давомида аҳоли томонидан йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви масаласи, қишлоқ жойларида мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, бандлик, коммунал, моддий ёрдам, уй-жой масалалари билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ўз ечимини топган. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилган.
Пешкў туман ҳокими ўринбосари Азамат Ражабовнинг айтишича, сайёр қабул жараёнида қайд этилган мурожаатларнинг 91 таси ўз жойида ҳал қилинган. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган муаммолар ҳам қисқа фурсатда ўз ечимини топиши таъкидланган.
Кейинги сайёр қабуллар 4 апрель куни Қоракўлда, 11 апрель куни эса куни эса Ромитан туманида оммавий сайёр қабуллар ўтказиши кўзда тутилган.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter