Сайловда имконияти чекланганлар: Тенглар ичра тенг, фаоллар ичра фаол...
«Пойтахт» бизнес марказида Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ташаббуси билан ЕХҲТ ҳамкорлигида хавфсизлик масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамаси ва ногиронларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш мавзусида ўтган семинар қизғин муҳокамаларга бой бўлди.
«Сиёсий ва жамоат ҳаётида иштирок этиш — бу инсон ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам. Барча фуқароларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётда иштирок этишлари учун тенг имкониятларсиз мамлакат чинакам демократик бўла олмайди. Сайловларда бевосита иштирок этиш ногирон кишининг тўлиқ ҳаёти учун жуда муҳимдир» — деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Жон Макгрегор.
«Ўтган йили ногиронларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси бир қанча тавсияларни ишлаб чиқди: Сайлов участкалари бинолари одамларнинг ногиронлар аравачасида ҳаракатланиши учун мос бўлган пандуслар ва тўсиқлар билан жиҳозланган бўлиши керак. Қолаверса, имконияти чекланган шахсларнинг кўпчилиги ўз уловида келади ва автотураргоҳда улар учун алоҳида белги қўйлиши ҳам мақсадга мувофиқ. Агар сайлов участкаси жойлашган бинога кириш эшиги ҳаракатланиши, кўриш қобилияти ва ногиронлар аравачаси имконияти чекланган сайловчиларни қабул қилиш учун махсус мосламалар билан жиҳозланмаган бўлса, сайлов комиссиялари маҳаллий ҳокимият ва ҳудудий органларга мурожаат қилишлари шарт. Қурилмаларнинг юқоридаги стандартларга мувофиқлигини текшириш учун сайлов комиссияси аъзолари, ногиронлар жамоат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вакилларини ўз ичига олган ишчи гуруҳини тузиш тавсия этилади», — деди ассоциация раҳбари Ойбек Исоқов.
«Ногиронларнинг сайлов ҳуқуқлари ва иштирокни таъминлаш чора тадбирлар лойиҳасини ишлаб чиқдик», — дейди марказий сайлов комиссияси ўқув маркази директори Шуҳрат Файзиев. — «Бу қарор лойиҳаси бир неча бандлардан иборат бўлиб ҳудудлардаги ногиронлиги бор инсонларни аниқлаш, уларга барча сайлов участкаларида шароит яратиш, депутатликка номзодини қўйган ногиронларга ҳар томонлама ёрдам бериш каби муҳим таклифларни ўз ичига олган. Мақсадимиз бундай шахслар ўзларини шиоримизда таъкидланганидек, «Тенглар ичра тенг, фаоллар ичра фаол» ҳис қилишсин».
Тадбир доирасида ногиронларнинг турли жамоат ташкилотларидан келган вакиллар ҳам ўзларини қийнаётган муаммоларга тўхталиб ўтдилар. Масалан, кўзи ожизлар учун брайлер форматидаги трафаретлар, яхши кўрмайдиганлар учун лупалар, аудио форматдаги маълумотлар тарқатилиши, аравачада ҳаракатланаётган шахсларнинг хоҳиш-иродаси қулай бўлиши учун сайлов участкаларида яширин овоз бериш учун махсус кенгроқ кабиналар ўрнатилиши ва паст столга эга бўлиши каби таклиф ва тавсиялар бир овоздан кўпчиликка маъқул бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter