Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардоба. Бу ерда ҳамманинг ўз ҳикояси бор

Сардоба. Бу ерда ҳамманинг ўз ҳикояси бор

2020 йил, 1 май. Сардоба фожиасини бошидан ўтказган ҳар бир одамнинг бу сана билан боғлиқ ўз ҳикояси бор. Ва ўша ҳикоянинг охири кўпинча шундай тугайди — «биз кўрдик, энди фарзандларимиз кўрмасин».

Жўраева Дилфуза опа ҳам ўша куни тонгда бақир-чақирлардан уйғониб кетди. Қолгани худди тушдагидек кечди, болаларни олиб чиқ, дуч келган машина бортига чиқиб ол, жонингни қутқар. Ким енгил машинада, ким юк машина ва яна кимдир трактор прицепида хавфсиз жойга чиқиб олишга уринарди.

«Ўзимиз билан ҳеч нарса олишга улгурмадик. Ҳамма нарсани ташлаб, фақат жонимизни қутқардик. Унақа вақтда кўзга нимаям кўринарди, болаларни сақлаб қолганимизга хурсанд бўлдик», — дейди Дилфуза опа.

Келажак учун қайғу сал кейинроқ, бехавотир жойга чиқиб олгандан сўнг пайдо бўлди. Уч кун ўтгач, уйларига қайтганда тўрт девордан бошқа ҳеч нарса қолмагани кўргач, қайғу яна-да кучайди. «Йиққан-терганимиздан ҳеч нарса қолмаган экан. Дарвоза олдида бизни фақат биттагина итимиз кутиб олди. Бошқа ҳеч нарсамиз қолмаганди», — дейди тўрт нафар фарзанднинг онаси.

Янгиланган уйида ҳаммани дуо қилаётган Жавлон бобо Жўраев. 

Шукрки, Дилфуза опа ҳам, ўша фожиадан жабр кўрган бошқалар ҳам ёрдамсиз қолишмади. Президент Шавкат Мирзиёев фожиа рўй берган куниёқ Сардобага етиб борди. Сирдарёликларга бутун мамлакат ёрдам берди. Бу ёғи Қорақалпоғистондан тортиб, Сурхондарёгача кўмак карвонлари Сардоба томонга тизилди.

Лой босган уйлар тозаланди, таъмирланди. Дилфуза опанинг уйини ҳам ҳозир таниб бўлмайди. Ҳамма томон озода, саришта. Ҳовлига иссиқхона қурилган. Давлат томонидан уйни жиҳозлаш учун 40 миллион сўм берилган бўлса, қўшимчасига холодилнигу телевизордан тортиб, дазмолгача совға қилинди.

Уйи қайта тиклаб бўлмас даражада бузилиб кетганлар учун эса янги уйлар қурилди. Бахтиёр Мирзаев ўша уйлар қурилишида қатнашган сардобаликлардан бири бўлди.

***

Сув омбори ўпирилиб, тошқин бошланган вақтда Бахтиёр Мирзаев ҳам эл қатори ўз уйида эди. Тўполон бошланганда тиббиёт коллежида ўрганганлари қўл келди — ваҳимага берилмади, аввал оиласини, кейин эса бошқаларни қутқаришга ҳаракат қилди. Ўша куни ФВВ ва Миллий гвардия ходимлари фалокат рўй берган жойга тезда етиб келишди. Бахтиёр улар қатори ҳамқишлоқларига ёрдам беришга уринди. Шошилинч тиббий ёрдамда ишлаб кўзи пишиб кетгани учун анча-мунча вазиятда эсанкираб қолмади. «Менинг 32 йиллик умрим шу қишлоқда ўтган. Тошқин бўлган куни эрталаб соат 5 дан то бир яримгача қутқарувчилар билан бўлдим. Фақат сув батамом босиб келгандан кейин кетдим», — дейди у.

Бахтиёр оиласини хавфсиз жойда қолдириб, туғилган қишлоғига тезда қайтди. Президент Шавкат Мирзиёев: «Энг муҳими — одамларимиз қишнинг совуқ кунларига қолмасдан янги уйларига кўчиб ўтиши шарт», — деган эди. Шунга монанд Сардоба, Оқ олтин ва Мирзаобод туманларида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди. Бахтиёр Мирзаев ана шу жараёнда фаол иштирок этди ва касби тақозоси вақтинчалик тиббиёт пунктида қурувчиларнинг соғлигини назорат қилиб борди, тиббий ёрдам кўрсатди.

Мана энди меҳнатининг роҳатини кўряпти. Бугун у янги уйига фарзандларини бошлаб киради. «Шаҳар биз томонларга келяпти», — дейди у янги уйида журналистлар билан қилган суҳбати вақтида. Дарҳақиқат, бунақа шароитга анча-мунча шаҳар аҳолиси ҳам ҳавас қилади. Хонадон сўнгги урфга кўра таъмирланган, янги жиҳозлар ўрнатилган ҳамда газ, электр ва сув билан таъминланган.

«Дўстлик» маҳалласида умумий ҳисобда 5 қаватли уйлардан 37 та қурилди. Хонадонларнинг умумий сони эса 1480 тадан иборат. Бу эса 1480 та оилада байрам бўлади, деганидир. Эътиборли томони, қурилиш ишларида бошқа ҳудудлардан келган ишчилар қатори мирзаободликлар ҳам меҳнат қилишди. Улар ҳам ўз уйларини кўтаришди, ҳам бунинг учун маош олишди.
***
Дарвоқе, бир савол: чўлда шаҳарсозликнинг сўнгги намуналарига кўра қурилган бу уйларда яшайдиган одамлар нима иш билан шуғулланади? Саволнинг жавоби ҳам шу ернинг ўзида топилади — янги маҳалланинг шундай ёнгинасида 600 иш ўрнига мўлжалланган трикотаж фабрикаси қурилди.

«Сардоба Оқсарой текстиль» фабрикаси роппа-роса 120 кун деганда қуриб битказилди. Дастлаб бу ерда 500 киши иш билан таъминланади, корхона тўлиқ қувват билан ишга тушиб кетгандан сўнг ишчилар сонини 600 нафардан ошириш кўзда тутилган. Ўшанда йилига 1,4 млн.дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.


Бугун Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ва фуқаролардан хабар олиш мақсадида Сирдарёга ташриф буюрди. Ташриф давомида турли идора ва ташкилотлар томонидан режадаги лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг