Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Saneg: GRDC билан ҳамкорлик илғор технологиялар ва илмий ечимлар сари интилмоқдир

Saneg: GRDC билан ҳамкорлик илғор технологиялар ва илмий ечимлар сари интилмоқдир

Ўзбекистонда GRDC илмий-технологик маркази геология-қидирув, углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни ишлаш, қазиб олиш, йиғиш, тайёрлаш ва транспортивка қилиш тизимларини лойиҳалаштириш бўйича етакчи ташкилот ҳисобланади. «Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) компанияси томонидан GRDC илмий-технологик маркази улуши сотиб олиниши эса илмий ғоя ва ишлаб чиқаришни бирлаштирди. Бугунга келиб ягона маълумотлар базаси шакллантирилди. Углеводород хомашёси қазиб олиш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Бунга куни кеча илк бор GRDC илмий технологик марказида журналистларни компания ишлари билан таништириш мақсадида ташкил этилган экскурсия жараёнида гувоҳ бўлдик.

– GRDC билан ҳамкорлик бизнинг илғор технологиялар ва илмий ечимлар сари интилишимизни яна бир бор исботлайди, бу эса энергетика соҳасидаги мақсадларимизга эришишнинг калитидир. Бугунги кунда марказ нафақат маҳаллий компанияларга илмий-технологик хизматларни кўрсатмоқда, балки Қозоғистоннинг чегара ҳудудларида янги конларни излаш бўйича лойиҳаларни ҳам олиб бораяпти. Бу эса  марказнинг техник малакаси ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштирган  ҳолда халқаро миқёсда самарали фаолият юрита олиш қобилиятини намоён этмоқда, – дея таъкидлади Saneg бош директори Тўлқин Юсупов.

 Дарвоқе, GRDC ва Saneg ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорлик қазиб чиқариш лойиҳаларида тижорий самарадорликка эришиш учун кенг қамровли ечимларни яратишга, шунингдек, нефт ва газ муҳандислиги бозорида инновацион ишланмаларни амалга оширишга асосланади.

– Мутахассисларимиз 556 та геофизикавий ва кон-геофизикавий тадқиқотларни қайта талқин қилишди, Saneg конларининг 63 та уч ўлчовли геологик-гидродинамик моделларини ишлаб чиқиб, қуришди, углеводород қазиб олишни кўпайтириш бўйича 850 та геологик-техник тадқиқотларни амалга оширишди, 140 дан зиёд қудуқларни комплекс ўрганишди ва қатлам суюқликларининг 1500 га яқин чуқур намуналарини олишди, – дейди бош директорнинг стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ўринбосари Азизбек Назаров.

Экскурсия давомида физика-химия лаборатория ходимларнинг ишини кузатишга ҳам муваффақ бўлдик.

Бу ердаги лаборатория жиҳозлари  Япония, Германия каби мамлакатлардан келтирилган бўлиб, Ўрта Осиё бўйича фақат Ўзбекистонда мавжуд экан. Лабораторияда нефт ва газ таркибида бошқа моддалар қанча фоизини ташкил этиши, трубаларга зарар етказадиган агрессив моддаларни зарарсизлантириш, сув таркиби каби жуда кўп тадқиқотлар ва ўрганишлар амалга оширилади.

Худди шундай тадқиқотлар, ўрганишлар натижаси ўлароқ, ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб GRDC Қашқадарё вилоятидаги ўзлаштириш босқичида бўлган тўртта «Ғарбий Тошли», «Шарқий Тошли», «Шимолий Ўртабулоқ» ва «Крук» конлари бўйича лойиҳа бошқарувини таъминлаб келмоқда. 125 та геологик-техникавий чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, амалга оширилди, бунинг натижасида кунига жами нефт қазиб олиш ҳажми 283 тоннага ошди.

Бундан ташқари, марказ томонидан саёз қудуқларни бурғилаш ва Фарғона вилоятидаги  3 та ишлатиб бўлинган  конлардан нефт қазиб олиш даражасини ошириш усулларини қўллаш орқали конларни ўзлаштириш даражасини юксалтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Экспертларнинг баҳолашича, таклиф этилаётган чора-тадбирлар мажмуи  Sanegнинг кунлик қазиб чиқариш даражасини икки баравар оширади – 2033 йилга келиб ушбу кўрсткич 1600 тоннагача ошади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг