Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санъаткорларнинг Сардоба фожиасида жабр кўрганлар билан тушган сурати эътирозларга сабаб бўлди

Санъаткорларнинг Сардоба фожиасида жабр кўрганлар билан тушган сурати эътирозларга сабаб бўлди

Фото: “Uday Mohite Illustrations”

Куни кеча ижтимоий тармоқда ўзбек шоу бизнес вакилларининг Сардоба фожиасида жабр кўрган аҳоли вакиллари билан тушган сурати кенг тарқалди. Сирдарёда олинган суратда икки хил кайфият, икки хил дунё акс этган дейиш мумкин. Хонумонидан айрилган мусибатзада аёллар нигоҳида ғам-қайғу қотиб қолган гўё. Лаблар аламдан қимтилган, кўзлар жиққа ёшга тўла.  Бола тафаккури ила фожиа кўламини тўлиқ англолмаган норасидалар кўзида эса саросима-тараддуд... Жабрдийдалар ҳолидан хабар олгани борган шоу бизнес вакиллари нигоҳида эса нимтабассумни кўриш мумкин. Бу ҳол ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин эътирозига сабаб бўлди. 

«1997 йил, ноябрнинг охирги кунлари. Нимадир сабаб бўлиб уйимиз ёниб кетди. Фақат деворлари қолди, ҳеч нарсани қутқаролмадик.

Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, ошна-оғайни ёрдамга шошилди. Ким кўрпа-тўшак, кимдир идиш-товоқ олиб келган, кимдир кийим-кечакдан ёрдам қилган...

Иккита артист қайғуга ботган оила олдида тиржайиб тушган расмини кўриб яхшиям ўша пайтлар смартфону интернет бўлмаган экан, дедим. Битта-яримтаси қилган ёрдамини пеш қилиб йиғламсираб турган расмимни интернетга чиқарворганда нима қилган бўлардим?

Кимдир сени интернетда кўрдим, деса бола қалбим бунга қандай жавоб берган бўларди? Ўйлашни ҳам хоҳламайман...» деб ёзди журналист ва блогер Санжар Саид.

«Илтимос, Сардобага бориб шунақа расмга тушишни бас қилинглар. Расмга қаранг, сизга шахсий манфаатингиз учун керакдир. Лекин ишонаманки, уларга керакмас. Уларнинг сиз билан тушган расмингизни кўришга, комментларни ўқишга сенсорли телефони ҳам, трафиги ҳам бўлмаса керак. Уларда бошқа дард. Уйсиз қолди. Йиллар давомида қурган «ватан»исиз қолди», – деб ёзди журналист ва ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов.

«Чиндан ҳам шунақа ишларимиз кўпайиб кетди. Афсус... Бир пиёла чой узатиб, Сирдарё ўзанини муҳтожлар томон бурдим дегандек дунёга жар соляпмиз», – дея таассуф билдирди журналист Миродил Абдураҳмонов.

«Ўнг қўл берганини чап қўлга кўрсатмаслик исломий одоб ва ахлоқда кўрсатилган бўлиб, мусибатзадалар олдида юздаги кулги позаси билан расмга тушиш эҳсон эмас таҳқирлашга, мусибатзаданинг яна бир бор ночорлигини ҳис қилишига сабаб бўлади», – дея исломий одобни ёдга солди аҳли илмлардан бири.

«Сирдарё аҳли бор-будидан айрилган. Уларнинг қалбини эртага қандай ҳаёт кечираман деган савол парламоқда. Кўзларидаги мунг айни шундан далолат бермоқда. Улар ёнида эса ҳаётдан миннатдор инсонлар! Хўш, бу суратни эълон қилишдан мақсад нима? Уч-тўрт танга қилинган эҳсонни кўз-кўз қилишми? Ё бировнинг мусибатидан фойдаланиб обрў олишми? Майли, яхши гумонда бўлиб, улар бошқаларни ҳам саховатга тарғиб этиш учун шундай суратга тушишди дейлик. Аммо болалар ва аёлларнинг юзини очиқ ҳолда кўрсатиш шартми?» – деб шоу бизнесчиларни саволга тутди Камол Салимов исмли фойдаланувчи.  

Дарҳақиқат, кўмак кўрсатилган аёллар ва болаларнинг юзини очиқ ҳолда кўрсатиш этикага ҳам, халқаро меъёрларга ҳам тўғри келмайди. Шу боис биз ҳам муҳокамаю мунозараларга сабаб бўлган ўша фотосуратни эълон қилмасликни маъқул кўрдик. Қолаверса, бу ҳол илк бор кузатилаётгани йўқ. Эҳсон ёки хайрия олган қўли юпқа оилалар суратини «фотоҳисобот» тарзида кенг оммага дастурхон қилиш урфга ҳам айланиб бораётгандек...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг