Самарқандда янги итальян фильмлари фестивали ўтказилмоқда
Самарқанд шаҳрида «Евроосиёни ўрганамиз» халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ХVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумнинг маданий дастури доирасида 1–4 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида N.I.C.Е. (New Italian Cinema Events) янги итальян фильмлари фестивали ўтказилмоқда.
Фестиваль ташкил этилганига 30 йилдан ошган бўлиб, 1988 йил АҚШда, 1993 йилда эса Россияда дебют қилган. N.I.C.Е. уюшмаси юқори сифатдаги дебют итальян фильмларини экспорт қилувчи илк ташкилотлардан бири ҳисобланади ва кўп йиллар давомида чет элда энг муҳим кинофестивалларни ташкил қилиб келган.
Ушбу ассоциациянинг мақсади фестиваллар ва маданий алмашинувлар ташкил этиш орқали чет элда янги итальян фильмларини тарғиб қилишдир.
Фестивалнинг яна бир асосий мақсади кино орқали маданий хилма-хилликнинг қийматини кўрсатишдир. Фестивалда намойиш этиш учун синчиклаб танланган итальян киноижодкорларининг бадиий, қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлари Италия ҳаёти ва маданияти ҳақидаги ҳикояларнинг ҳақиқий кўзгуси бўлмоқда.
Фестивалнинг очилиш маросими 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги «Шарқ юлдузи» кинотеатрида бўлиб ўтди. Шунингдек, фестиваль доирасида «Узоқ йўл» («La lunga corsa»), «Аманда» («Amanda»), «Келажак қуёши» («Il col della avvenire») фильмлари итальян тилида ва ўзбекча субтитрларда намойиш этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter