Самарқандда фотошантажчи қўлга олинди
Самарқандда бировни бадном қилмоқчи бўлган товламачи қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ телеграм-каналида хабар берилди.
Хабарга кўра, Самарқанд шаҳрида яшовчи Х.О. (1986 й.т.) ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилган. Унинг айтишича, «Одноклассники» ижтимоий тармоғида жойлаштирган фотосуратларини номаълум шахс кўчириб олиб, уларга махсус дастурлардан фойдаланиб ишлов берган ва бу шармандали фотосуратларни бошқа ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбораман, деб пўписа қилган. 6 500 АҚШ доллари, бир дона Apple iPhone 13 Pro смартфони ва бир дона эркаклар тилла занжири берса ниятидан қайтишини айтган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида товламачилик йўли билан пулларни ўзлаштирмоқчи бўлган шахс Самарқанд шаҳрида яшовчи Т.У. (1987 й.т.) экани аниқланган. У ўзи талаб қилган пуллар, айфон ва тилла тақинчоқни олаётган вақтида ашёвий далилар билан қўлга тушган.
Т.У.га нисбатан ЎзР. ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter