Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбекистонликлар хусусида музокара олиб борилмоқда
Мамлакатимизнинг Россия ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик мусассасалари берган маълумотга кўра, Россия-Қозоғистон чегараси «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида 300 га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўпланган. Ташқи ишлар вазирлиги бу борада расмий ахборот берди.
Мазкур масала мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборди. Махсус комиссия қарори тўғрисида алоҳида маълумот берилади.
Фақат 25 майдан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 8 та чартер рейси ташкиллаширилганини эслатиб ўтамиз. Ҳозирги пайтда Махсус комиссия томонидан Россиянинг турли ҳудудларидан ҳамюртларимизни олиб келиш учун қўшмча чартер рейсларини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз. Россиянинг турли ҳудудларидаги шаҳарларига чартер рейслари ташкил қилиш устида ишлар давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter