Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рўмолини ечиши айтилганидан сўнг мутахассис аёл ҳаммасига қўл силтаб кетди

Рўмолини ечиши айтилганидан сўнг  мутахассис аёл ҳаммасига қўл силтаб кетди

Фото: С.Азларованинг Фейсбук саҳифаси

Хусусий телеканалларнинг бирига таклиф этилган психолог аёл рўмолини ечиш ёки бошқачароқ ўраш таклифидан кейин кўрсатувда иштирок этишдан бош тортди.

Воқелик исломофобия кучайган хориж давлатларидан бирида рўй бергандир, дерсиз? Қаёқда?! Бундай оғриқли воқеа шу кеча кундузда, Бухорий юрти дея армонсиз мақтаналадиган Ўзбекистоннинг пойтахтида содир бўлди. Эътиборлиси, рўмол ўраган аёл - Сайёра Азларова диндан амри-маъруф қилиш учун бормаган, балки уни телеканал мутасаддиларининг ўзи Covid, пандемия ва аҳоли орасида учраётган муаммолар ҳақида суҳбатлашиш учун таклиф этишган экан.

Қолган гапни психолог Сайёра Азларованинг ўзидан эшитамиз:

«Ассалому алайкум. Мен - психолог Сайёра Азларова бир неча бор шу муаммога дуч келганим сабабли бу ҳақида икки оғиз гапиришни хоҳладим.

Хусусий телеканаллардан бирига Covid, пандемия ва аҳоли орасида учраётган муаммолар ҳақида интервью бериш учун чақиришди. Аввалдан саволларни беришди. Тавсия қилган ва чақирган инсоннинг хурмати учун йўқ дея олмадим. Бордим.

Эфирга ярим соат вақт қолганида.. рўмолимни ечишни ёки бошқача ўрашни илтимос қилишди!

Мен бундай қилолмаслигимни, яхшиси, менсиз кўрсатувни олишларини айтиб, у ердан кетдим.

Шу ўринда савол: биз кимдан қўрқамиз? Нимадан қўрқамиз? Нима учун доим телекўрсатувларга чақирганда «хижобдамасмисиз?» деб сўрашади? Бизни ким бошқаради ўзи? Нима учун эркакларга соқолда, аёлларга эса рўмолда эфирга чиқиш мумкин эмас? Бу ишлар учун охиратда савол-жавоб муқаррар эканини била туриб, шу зайлда давом этаверсак, бу балолар қачон бошимиздан даф бўлади?

Инсоннинг қандай мутахассис экани, билими ва иш тажрибаси биргина рўмол ўрагани сабаб бир тийинга чиқарилиши мумкинми?

Доим демократик жамият қуряпмиз, деб мақтанамиз. Лекин қани ўша демократия? Инсоннинг касбий кўникмалари ёки тажрибасига эмас, ташқи кўринишига қараб баҳо беришдан қачон қутиламиз?».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг