Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Риштон ҳақида нималар биламиз? Ҳоким мурожаат қилди

Риштон ҳақида нималар биламиз? Ҳоким мурожаат қилди

Риштон деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига сопол ва чинни буюмлар келади. Бежизга эмас, албатта, ўзбек кулолчилигининг эталони айнан шу туманда жойлашган. Риштон туман ҳокими Суфҳонжон Солиев 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари тўғрисида қилган мурожаатида бу соҳага алоҳида тўхталиб ўтди.

Кулолчилик
Риштон туманида 2020 йилнинг 9 ойи давомида 230,0 млрд сўмлик саноат махсулотлари ишлаб чикарилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105.4 фоизга ўсиб, аҳоли жон бошига 1.2 млн сўмни ташкил этмоқда. Албатта ушбу рақамнинг салмоқли қисми кулолчиликка ҳам тўғри келади.

— Ҳозирги ривожланиш даврида рақобатга дош бериш осон эмас. Риштон кулолчилиги ўзига ҳос брендга эга бўлса ҳам, агар ишлаб турмаганимизда бозордаги ўрнимизни йўқотиб қўярдик. Ҳатто ўзимизга ҳам Хитойдан чинни маҳсулотлар катта партияда кириб келишни бошлаганди. Бу рақобат бизга бир нарсани ўргатди — эски технология билан узоққа бора олмаймиз. Шу сабабли тумандаги тадбиркорлар Хитойдан чиннига гул босадиган янги технологиялар олиб келиб, ўрнатишди. Бугунги кунда ишлаб чиқариш кўлами ва маҳсулот сифати кўтарилгани учун Ўзбекистонда импортга деярли зарурат қолмади. Боз устига Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистонга чинни маҳсулотларимизни экспорт ҳам қилмоқдамиз.



Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбиркорларимиз шунчаки Хитойдан чинни тайёрланадиган печларни олиб келиш билан чекланмасдан, унинг аналогини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди. Керакли қисмларни ўзимиздаги токар, электрик ва чилангарлар ясаб беришмоқда. Оқибатда битта замонавий печни олиб кириш 20 минг долларга тушса, ўзимизнинг усталар ундан қолишмайдиганини 10 минг долларга тайёрлаб, етказиб беришяпти.

Япон мактаби
Риштон туманида япон мактаби фаолият олиб бормоқда. Унда фарзандларимиз хориж тилини ўрганмоқда.

Япониянинг Киото префектурасидаги Майдзуру шаҳри ва Риштон тумани ўртасида дўстлик меморандуми имзоланган. Ушбу ҳамкорлик доирасида чой плантацияси ташкил этилиши режалаштирилган. Плантацияда япон чойлари маҳаллийлаштирилади.

Туризм
Охирги йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб туризмни ривожлантириш бўйича кўплаб тадбирлар амалга ошириляпти. Риштон ҳам бу тадбирлардан четда қолмаяпти, табиийки бу борада ҳам маҳаллий бренд ҳисобланадиган кулолчиликка эътибор қаратилади.

Мана шу ташаббус доирасида Риштон тумани Фаровонлик МФЙ Тўқимачи кўчасидан 2,0 га ер майдони ажратилиб, «Кулоллар шаҳарчаси» қурилди. Ушбу ташаббуснинг ўзига ҳослиги шундаки, шаҳарчада 50 нафар кулол нафақат ишлайди, ўз маҳсулотларини сотади, балки оиласи билан бирга истиқомат қилиши ҳам мумкин.

Бу ерга ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар нафақат ишлаб чиқариш жараёни билан танишади, чинни идишлар сотиб олади, балки ҳунарманднинг уйида меҳмон бўлиши ҳам мумкин.

«Кулоллар шаҳарчаси»га яқин худудда жойлашган «Хўжа Рушноий» зиёратгохи ҳам реставрация қилиниб ободонлаштирилди ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун масжид қурилди. Шунингдек, 2021 йилда буюк аллома Бурхониддин Ар-Рошидоний зиёратгохини ободонлаштириш орқали ҳорижий сайёхларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Депутатлар сўрови
Суфхонжон Солиевнинг мурожаати якунига етгандан сўнг Риштон туман Халқ депутатлари кенгаши депутатлари тегишли масалалар бўйича ҳокимга савол беришди. Депутатлар йўл қурилиши, электр энергияси таъминоти, интернет тезлиги ва бошқа масалаларни кўтариб чиқишди.

Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу мурожаатларда кўрсатилган ишлар кўламини ўрганишда давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг