Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Расм бўлмаганда, муаммо чиқмасмиди? Фарғона ҳокимлиги нон кўтарган қизча расмига изоҳ берди

Расм бўлмаганда, муаммо чиқмасмиди? Фарғона ҳокимлиги нон кўтарган қизча расмига изоҳ берди

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга юпун кийимда нон-туз кўтариб чиққан қизчанинг расми катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ҳокимлик ахборот хизмати ушбу ҳолат бўйича расмий баёнот билан чиқиш қилди. Унда аввало Чўнғара қишлоғидаги кўплаб хайрия ишлари келтириб ўтилади. Сўнгра нон кўтарган қизчага тўхталинган.

Расмий баёнотда таъкидланишича, қизча «атиги бир, нари борса икки дақиқага» совуққа чиққан.

«Ҳоким катта зали бўлган бинога кираверишдаги унинг айвончасига етганида тўсатдан зал ичидан суратдаги қиз нон кўтариб чиқиб келди. Ҳоким унинг раъйини қайтармай, нондан тотинди ва қизни етаклаб залга кирди. Шу заҳоти чўнғаралик ташкилотчиларга бошқа бундай қилмасликни тайинлади. Қизча залдан атиги бир, нари борса икки дақиқага айвончага чиқди холос», — дейилади баёнотда.

Баёнот муаллифи изғирин совуқда «атиги бир, нари борса икки дақиқа» юпун кийимда туриш инсон соғлигига қандай таъсир ўтказиши ҳақида ҳеч нарса демаган. Бунинг ўрнига Чўнғарада амалга оширилган ишлар сабаб ҳокимга ҳурмат кўрсатилганини билдирган.

«Шундай бўлсада бундай «эҳтиром» шаклини қувватламаймиз», — дейилади баёнотда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматини бир нарса ташвишга солади. «Бу қишлоққа аввало Президентимиз, вилоят ҳокимлиги шунча эътибор қаратяпти. Халқ бундан миннатдор. Аммо бир сурат танқидчилари аслида нега давлат вакили бўлган ҳокимни чўнғараликлар нон билан кутиб олганлари сабабига тўхталмадилар. Аслида бу қишлоқ аҳлининг уларга, давлат кўрсатаётган ғамхўрликка миннатдорчилиги рамзи эди холос», — дейди баёнот муаллифи.

Қолаверса ҳоким ҳеч кимга бундай кутиб олиш ҳақида топшириқ бермагани ҳам ахборот хизмати томонидан алоҳида таъкидланган. Боз устига муаллиф нега ҳар нарсадан фақат иллат излашга кўникиб қолинаётганини ҳам савол ўлароқ ўртага ташлайди.

Эътиборли томони, ахборот хизмати раҳбари воқелик матни билан овора бўлиб, унга илова қилинган суратларга эътибор қаратмаганидан куйинади ва буни ўзининг «профессионал камчилиги» эканини айтади. Афтидан қизчанинг совуқда қолганидан ҳам кўра ўша ҳолат тасвирланган фото интернетга чиқиб кетгани кўпроқ муаммо сифатида кўрилмоқда. Расм бўлмаганда, муаммо ҳам бўлмасди. Қизчалар нон кўтариб совуққа чиқаверарди.

Афсуски, баёнотда совуқда қолган қизчанинг айни вақтдаги соғлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бунинг ўрнига Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати барчага ҳаётдан ҳикмат излашни тилаб қолган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг