«Quramax Medical» олиб кирган барча дори воситалари сотуви тўхтатилди — ССВ
Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов юртимизда «Quramax» дори воситалари сотилишини тўхтатиш бўйича топшириқ бергани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси томонидан ўтказилган «Док-1 Макс» ҳамда «Амбронол» дори воситаларининг чуқурлаштирилган сифат назорат натижаларига кўра, ушбу препаратлар норматив ҳужжатда кўрсатилган таркибга номувофиқлиги аниқланган.
Хусусан, уларнинг айрим серияларида пропиленгликоль моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари мавжудлиги маълум бўлди.
Шуни инобатга олган ҳолда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва қолган дориларни ҳам қўшимча текширувдан ўтказиш мақсадида эҳтиёт чораси сифатида «Quramax Medical» МЧЖ томонидан 2022 йил юртимиз ҳудудига олиб кирилган барча препаратлар сотуви тўхтатилди.
Айни пайтда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ходимлари ўзига бириктирилган барча хонадонларда фаол патронаж ишларини олиб бормоқда.
Бунда, уйма-уй юрган ҳолда «Хонадон дори қутиси»ни шахсан назоратдан ўтказиш, муддати ўтган препаратлар, сақлаш қоидалари бузилган ҳамда «Quramax Medical» компаниясининг барча дори воситаларини қабул қилмаслик ва истеъмолдан чиқариш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter