Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўшработдаги фермер хўжаликларининг ерларини оптималлаштириш пайтида қандай «ўйинлар» кузатилмоқда?

Қўшработдаги фермер хўжаликларининг ерларини оптималлаштириш пайтида қандай «ўйинлар» кузатилмоқда?

Фото: «Telegraf.com.ua»

Ер давлатники, шунинг учун унга эгалик ҳуқуқини бериш фақат давлат органларига юклатилган. Эндиликда ерга эгалик қилиш, уни тасарруф этишда тендер амалиёти қўлланиб, ер энг муносиб номзодларга ижарага берилмоқда.

Ер ҳақиқий эгасини топса, ҳар бир қаричидан катта даромад олинади. Шукур Давиров ана шундай инсонлардан бири. У ўтган асрнинг 60-йилларида, айни навқирон йигитлик чоғида Мирзачўлни ўзлаштиришда қатнашиб, катта тажриба тўплади. Ер билан тиллашиш, уни боғ-роғга айлантириш ҳадисини олди. 1980-йилларда она қишлоғи Юқорисаройга қайтиб келди. Тўғриси, бу ерда ҳам ўзлаштиришга муҳтож жойлар, боғ ва токзорларга айлантиришга муносиб қир-адирлар оз эмас. Шукур ака йигитлик куч-қувватимни ўз она қишлоғимни боғу бўстонга айлантиришга бахш этаман деб ўйлади. Тинимсиз меҳнат қилиб, ер ўзлаштирди, тўрт чақирим наридаги Хўжабулоқдан ариқ қазиб сув олиб келди. Минг тупдан зиёд мевали дарахт кўчати, бир неча юз туп ток қаламчалари ўтқазди. Мана, ҳозир бу ерлар улкан боғ ва узумзорга айланган.

Яқинда Шукур ака яна бир ишга қўл урди: Ўртачўл деган жойдан қаровсиз ётган ерни ўзлаштириб, янги боғ барпо этмоқчи бўлди. Артезиан қудуқ қазди, бироқ 180 метр чуқурликдан ҳам сув чиқмади.

Саксон ёшни қоралаётган бўлса-да, ҳали ҳам вужудидан йигитлик ғайрати аримаган, замонавий боғ яратиш иштиёқида ёнаётган отахонни гапга солиб сўрайман:

— Шунча режаларингиз бор экан, нега ҳокимиятдан ўзингизга мос, боғ яратишга лойиқ майдон сўрамаяпсиз? Бундай ташаббус ҳамма жойда қўллаб-қувватланади-ку?

— Э, нимасини айтасиз? — дейди у норози бир оҳангда.

Отахоннинг оғриқ нуқтасига тегиб кетдим шекилли, ҳозиргина табассум ёғилиб турган чеҳраси бирдан тундлашди.

— Бизда ҳамма ер эгалланган. Бир қарич ҳам ортиқча ер қолмаган...

Отахоннинг бу гапи мени масаланинг ичига чуқурроқ киришга ундади. Ахир мамлакатимизда ҳар йили йирик фермер хўжаликларини оптималлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда. Улардан ер майдонларининг маълум бир қисми захирага олиниб, танлов асосида ишбилармонларга берилаяпти. Бинобарин, Қўшработ туманида ҳам шундай бўлиши аниқ. Хўш, захирага олинган ерлар кимларга насиб этмоқда? Мазкур саволга жавоб қидириб туманда сўнгги йилларда ўтказилган танлов ҳужжатлари билан танишдим.

2015 йил. «Зармитан» ширкат хўжалиги ҳудудидаги «Зафар» фермер хўжалигидан 200 гектар ғалла майдони захирага олинган ва тендерга қўйилган. Унда «Зармитан унумдор замин» фермер хўжалиги ғолиб топилиб, ер унинг тасарруфига берилган. Бир қарашда ҳаммаси қонунийдек. Лекин коса тагида нимкоса деганларидек, тендерда ғолиб деб топилган «Зармитан унумдор замин» фермер хўжалигининг таъсисчиси Зариф Акмалович Нурматов ерни захирага топширган «Зафар» фермер хўжалиги таъсисчиси Акмал Нурматович Усмоновнинг ўғли эканини ҳамма ҳам билавермайди. Жумладан, тендер комиссиянинг аъзолари ҳам бундан воқиф бўлганми ёки йўқ, бизга қоронғи.

Айнан шунга ўхшаш ҳолат «Некбой Элшод» фермер хўжалиги(Абдували Сирожевич Пардаев)нинг теварагида ҳам амалга оширилган. Фермер хўжалигидан захирага олинган ер ўғли (Элшод Абдувалиевич Сирожев) номидаги «Элшод даласи» фермер хўжалигига ўтказилган. Бошқача айтганда, қўйнидан тўкилса қўнжига қабилида ер отадан болага ўтган, холос. Ваҳоланки, тендер танловларини ўтказиш юзасидан Самарқанд вилояти ҳокими имзолаган йўриқномада захирага олинган ерларнинг танлов асосида отадан болага ўтказилиши қатъий тақиқланган. Аммо вилоят ҳокими кўрсатмасини бажармасликка туман тендер комиссиясининг қандай ҳадди сиғди?

Афсуски, тумандаги барча ҳудудларда айнан шундай ёки бошқа кўринишда ўйинлар содир бўлмоқда. Масалан, «Жўрақул Қамбар» фермер хўжалиги тасарруфида минг гектар ер ястаниб ётибди. Шундан 500 гектари фермерга расман хатлаб берилган, 500 гектарига эса у норасмий эгалик қилмоқда. Шунча ернинг 350 гектарига шартнома асосида ғалла экилади, холос. Қолган қисми негадир эътибордан четда, халққа наф келтирмайди. Мутасаддиларнинг айтишича, бу ерлар захирага олиниб танловга қўйилгану, лекин талабгор чиқмаган. Бу гапга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайсан киши. Чунки ер оламан, фермерлик қиламан деган одам камми ҳозир?

Ҳар ҳолда бу ерлар ҳам бўш қолаётгани йўқ: нўхат ва шунга ўхшаш сердаромад экинлар экилмоқда. Бироқ олинган фойда давлатга эмас, фермернинг ҳамёнига тушмоқда. Буни мутасадди раҳбарлар кўриб-билиб турса-да, негадир индамайди. Ҳолбуки, бу ерлар захирага олиниб, танловга қўйилгани ҳақида овоза қилинганда Шукур ота Давиров сингари ерга талабгор, ерни эъзозлайдиган уста боғбонлар бизда «бир қарич ҳам ортиқча ер қолмаган» деб ноумид юрмасди.


Мақола «Жамият» газетасининг 2018 йил 19 январь сонида эълон қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг