Қўрқув ва зулмдан қочганлар: Бухородаги аёллар маскани
«Ойдин нур» Бухоро вилояти оилани ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш марказига паноҳ излаб, 6 ойлик чақалоғи билан кириб келган 19 ёшли она эътиборни тортди. Ушбу марказ ҳуқуқи топталган аёлларни вақтинчалик яшаш жойи – бошпана билан таъминлайди.
Эндигина 19 ёшга кирган она 6 ойлик чақалоғини бағрига босади. Эмизикли бола кўкракка талпинади, тамшанади. Ёш она сути йўқлигидан, боласининг қорнини тўйғаза олмаётганидан юм-юм йиғлайди. Аксига ҳаво салқин, гўдаги юпун. Қишлоқнинг қоп-қоронғу кечасида боласини маҳкам қучоқлаб олган онанинг юрагига дарахтларнинг шовуллаши ваҳм солади.
«Тонггача етиб олишим керак, тонггача соғ-саломат етиб олишим керак»,—эгнидаги нимчасини ечиб, боласини ўраб олган она такрор-такрор пичирлайди. Ўзи «дир-дир» титрайди.
«Баҳ!»—нимқоронғуда паноҳ излаб ўтирган она-бола олдига қўққисдан шу қишлоқнинг чекасида яшовчи Раппи девона пайдо бўлади,-ҳа-а, жинмисан, арвоҳмисан ёки очмисан, нон ейсанми, ма!»
Ёш она ўтакаси ёрилгудек қўрқиб кетади.
«Раппи девона, дейишади Раҳмон амакини. Болалигидан руҳий касал. Ўшанда қўрқиб кетдим. Аммо, «нон ейсанми, ма!» деганига бироз тинчландим. Қўлидаги нонини ҳовлиқиб олиб едим, жуда оч эдим»-дейди пешкўлик келинчак Х.К.
Х.К. «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда 17 ёшга тўлиб-тўлмай, ота-онасиз, яқин қариндошларининг қарамоғида улғайган Я.Д. исмли болага турмушга чиққани, куёв томондан кўп азият чекканини билдирган.
Маълум бўлишича, Х.К.нинг ўзи ҳам ота-онасиз, бувисининг қўлида ўсган. Меҳрга ташна, ота-онаси дийдоридан йироқда катта бўлган қиз жисмоний нуқсони бор тенгдошига узатилган. Оилада эрининг яқин қариндошлари томонидан хўрланган, калтакланган. На ўз оиласида, на турмуш ўртоғининг хонадонида ҳаловат топган ва ўсмирлик давридан эндигина остона ҳатлаб ўтган қиз бир неча марта бувисининг уйига қочиб-қочиб кетаверган. Айниқса, жисмоний нуқсони бор турмуш ўртоғининг ҳам унинг ёнини олмай, яқинларининг гап-сўзларига ишониб, озор бераверишларидан чарчаган.
«Ёшгина келинчак таъсирлардан руҳий зўриқавергач, эрининг уйидан саёқ чиқиб кетаверадиган одат чиқарди. Маҳалла-кўй маслаҳат бериб, бир неча марта яраштириб қўйдик ҳам. Аммо, турмуш ўртоғи Я.Д. ақлу-қарашда бироз заифроқ, болаларча фикрлаш билан қолиб кетгани боисми, муаммолар келиб чиқаверди-да»,—дейди маҳалла раиси Санам Жумаева.
Ота-онасиз ўсган бўлса-да, жисмонан ва руҳан соғлом Х.К.нинг мактабни тугатибоқ, нега бундай тақдирга рўпарў этилганига қизиқдик. Энг оғриқлиси, муаммони ечиш қийинлашганда, келинчакни ҳимоялаш ўрнида уни енгилтакликка айблашга уринишлар энг осон йўл бўлган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч кимнинг зўравонлик қилишга ҳақи йўқ.
Маълум бўлишича, Х.К.нинг ота-онаси гўдаклигида ажрашиб кетишган. Онаси турмушга чиққан. Отаси бошқа аёлга уйланган. Ўгай она қўлида ўсган қиз тақдири бувисини хавотирга солган ва уни эрта турмушга узатишган. Ширин ҳаёти узоққа чўзилмаган Х.К. турмуш зарбаларига чидолмай, эри уйидан қочиб, тез-тез бувисиникига кетган. «Эр уради, хотин сабрли бўлиш керак. Менинг ёшим бир жойга етиб қолди, мен ўлгач, сен кимларга қолиб кетасан»,-дея неварасини куёвининг ҳовлисига қийин-қистов билан қайтариб юбораверган. Эрининг уйига қайтган кезлари эса калтаклар остига қолган. На эри, на бувиси ва на ўгай она ҳовлисига сиққан ёш келинчак боласини бағирлаганча, қишлоқдан чиқиб кетган.
«Бу ерда хотиржамман. Эримнинг уйидан қизалоғимни биттагина кўйлакчада олиб чиқдим. Раппи девона ўша тунда менга нон берди. Устидаги пўстинини ҳам бериб турди. Ўзи эса қўриқбонлик қилди. У бизга зиён етказмади. Фақат ҳар замон-ҳар замонда : «Баҳ, баҳ» қўрқиттимми?» -дея қаҳ-қаҳ отиб кулиб кетиб, ариқ бўйидаги ит-мушуклар билан қувалашиб чиқди. Тонг ғира-ширасида мени шаҳар йўлига қўриқлаб чиқариб қўйди. Кўз ўнгимдан унинг бир менга, бир боламга қараб йиғлашлари кетмайди. «Девона» деб юрган одамлари менга ачиндию, бошқалар ҳолимга ачинмади...»,—деди Х.К.
«Ойдин нур» Бухоро вилояти оилани ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш маркази директори Шаҳноза Ихтиёрованинг сўзига кўра, Х.К. марказга жуда аянчли аҳволда келган. У калтакланган, кўз атрофлари кўкарган бўлган, юз ва баданлари шилинган бўлган.
«Х.К.жуда стресс ҳолатда келди. Зўравонлик туфайли тушкунлик, қўрқув ва умидсизлик ҳолатида бўлган аёл ўзини ҳимоялай олмаган. Жуссаси кичиккина ёш онанинг ҳикоясини тингладик. Кейин маҳалласи, ҳудуд инспекторлари билан боғландик. Руҳий зарба ва зардалар исканжасида қолган бу келинчакни ушбу марказда вақтинчалик сақлаб келмоқдамиз. Х.К.сингари оғир турмуш шароитига эга кўплаб қиз-жувонлар бу ерга паноҳ излаб келишади. Уларга вақтинчалик бошпана бериб, баҳолиқудрат оиласини ҳам қайта тикланиши учун ҳаракат қиламиз. Лекин оилавий шароитидаги оғир вазиятни инобатга олиб, аёл томон истамаса, яраштиришга мажбурламаймиз»,—деди Шаҳноза Ихтиёрова.
«Ойдин нур» оилаларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази ўз фаолиятини 1999 йилда бошлаган. Нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтган. Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари гендер тенглик масалаларини илгари суришдан иборат.
«Марказимиз оғир ижтимоий аҳволда қолган, ҳимояга муҳтож, оилавий, маиший тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин - қизлар, одам савдоси қурбони, жабр кўрган меҳнат муҳожирлари, илгари судланган, якка- ёлғиз аёллар, вояга етмаган етим ўғил-қизларга бепул хизмат кўрсатади. Вақтинчалик яшаш жойи – бошпана билан таъминлайди. Шундай тоифадаги 1280 нафардан ортиқ аёл ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказ бошпанасидан янги ҳаётга «йўлланма» олишган»,—деди Шаҳноза Ихтиёрова.
Марказ фаолиятини бошлаганидан бугунги кунга қадар ишонч телефони хизмати орқали 18 818 та қўнғироқ қабул қилинган. Инқироз ҳолатига тушган аёлларга психологик мадад хизмати орқали 3 349 дан ортиқ маслаҳатлар берилган.
Судда оилавий низолардан жабрланган аёллар манфаати адвокатлар орқали ҳимояланган. 2009 йилдан ҳозирга қадар 251 нафар аёллар ҳақ-ҳуқуқлари тикланган. Суд жараёнларининг 90 фоизи аёллар фойдасига ҳал қилинган.
«Марказ аёлларимиз касб-ҳунарга ўргатилади ва уларга даромад келтирувчи кичик бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашилади. Бугунгача 250 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёл турли хил ўқув курсларида ўқитилди. 113 нафари ўз бизнесини йўлга қўйиши учун керакли жиҳозлар билан таъминланди»,—дейди суҳбатдош.
Хўш, ушбу марказда шарт-шароит, яратилган имкониятлар қандай? Аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш қўрғони қандай ҳолатда?
Бир неча йилча илгари «Ойдин нур» оилаларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази жойлашган бино хароба ва эътиборга муҳтож ҳолатда бўлган.
«Сал тегиб кетса, деворалари йиқилиб тушиб кетгудек аҳволда бўлишига қарамай, эски биномизда ҳам чорасизликдан эшик қоқиб келган қиз-жувонларнинг кети узилмасди. Ҳатто, уларнинг хавфсизлигидан хавотир олиб, ўз яшаш хонадонимизга олиб кетиб, бошпана бериб, бошини силаган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Нима бўлгандаям, хайрли ишимиздан тўхтамаслигимиз, аёллар ҳуқуқ-манфаатларини ҳимояловчи ва уларга суягувчи қўрғон бўлишимиз шарт, деган мақсад бизни илгарилашга ундади. Турли грант лойиҳалар, дастурлар ишлаб чиқдик. Маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотлар кўмагида фаолиятдан тўхтамадик. Франциянинг техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED), АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кичик лойиҳалар дастури, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастурлари, Германиянинг “FRIDRIX EBERT” номли жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Хельсенки инсон ҳуқуқи жамғармаси, Европадаги хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (OSCE), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), IOM нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Винрок халқаро институти нотижорат ташкилотининг филиали шулар жумласидандир»,-деди марказ директори.
Яқинда беш йил давомида марказ ҳудудидаги 100 квадрат метр майдонда қурилган яшаш ва касб-ҳунарга ўргатиш биносининг фойдаланишга топширилгани Х.К.сингари юзлаб жабрдийда аёлларнинг хотиржамлигига хизмат қилса, эҳтимол.
БМТ аҳолишунослик жамғармасининг (УНФП) Ўзбекистондаги раҳбари жаноб Ю Ю бошчилигидаги вакиллар ҳам ушбу янги бинонинг очилиш маросимига қатнашишди.
Билдирилишича, мазкур халқаро ташкилот кўп йиллардан бери аёллар марказини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Жамғарма бошпанадаги аёлларга озиқ-овқат, гигиена воситалари ва дори-дармонлар учун молиявий кўмак кўрсатган. Бундан ташкари, УНФП жамғармаси томонидан 4та компьютер, тикув машиналари ажратилган.
«Биздан нажот истаб келадиган аёллар тақдирининг вазияти ҳар хил. Ечим йўллари ҳам турлича. Лекин ҳар бирига максимал даражада кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Айрим ҳолатларда жуда кўп аёлларни суд қарори билан эрининг уйига киритганмиз. Лекин эри ва унинг оила аъзолари аёлга ўрни келганда, кун беришмаган. Натижада у яна чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бизнинг мақсадимиз хотин-қизларни ҳимоялаш, уларга нисбатан ҳар кандай зўравонлик оқланиши мумкин эмаслигини тушунтиришдан иборат»,—деди Шаҳноза Ихтиёрова.
«Ойдин нур» Бухоро вилояти оилани ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш марказидан чиқар эканмиз, Қашқадарё вилояти, Муборак туманидан Когон туманидаги Қасри Орифон қишлоғига турмушга чиқиб келган аёлга юзланамиз. 4 ёшли ўғли билан кўча-кўйда сарсон бўлган аёл К.Ш. ҳали қонуний никоҳидан ажралмай туриб, эри бошқа аёлга уйлангани ва ўзини ҳовлига киритишмаётганидан азиятда қолган. Эри томон яқин қариндошларнинг тазйиқи билан К.Ш.нинг турмуш ўртоғи А.Т. у билан суд орқали ажрашишга мажбур бўлган.
«Боламни етим қилмаслик учун ажралмасликка ҳаракат қилдим. Ахир ҳеч ким ажрашиш учун турмушга чиқмайди. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам эрим бошқага уйланган бўлса-да, мен билан ўғлимга бошпана қилиб беришини сўрайман»,-дейди К.Ш.
Суҳбатдошнинг ёнидаги ўғлига юзланамиз:
— Келажакда ким бўлмоқчисан?
—Боласини ташлаб кетмайдиган дада бўлишни истайман...
Боланинг жавоби беихтиёр кўзларимизни ёшлатди...
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter