Қоқиўт – момақаймоқни яхши таниймизу...

Мен қоқиўтни болалигимдан биламан: отам билан банди ва баргларини тузлаб бирга тановвул қилганимизни эслайман. Уни бошимизга чамбарак қилиб ясаганимдан бери биламан.
Вақт ўтиб сариқ гуллари ўрнини момиқ «парашютчалар» эгаллаб осмонларга пуфлаб учирганимда катталар «эҳтиёт бўл, қулоғингга кириб кетади, кар бўлиб қоласан!» деб қўрқитишганда ҳали кичкина қизалоқ эдим – ўшандан бери биламан. Лекин... уни жуда кўп йиллардан бери танисамда у ҳақда жуда кам нарса билар эканман.
Момақаймоқ – (одуванчик)
«Taraxakum bicorne Dahlst» – бирам айтилиши қийин бўлган бу ўтни биз қоқиўт, момақаймоқ, русчасига эса одуванчик деймиз. Шу кунларда қоқиўтнинг гулидан соч баргак ясаш ёки шунчаки гуллари ҳақидаги кичкинагина ижтимоий тармоқлардаги постларга эътиборга лойиқ изоҳлар ёзилмоқда. Бу ўт ҳақидаги болалик хотираларим сабаб озгина изландим. Ҳатто мультфилм яратилган экан: «Семиз лунжли момақаймоқ» (Одуванчик – толстые щеки),
«Дюймовочка» мультфильмида момақаймоқ гуллари ва унинг пуфакчалари жуда чиройли безак сифатида намоён бўлади. Ҳатто «Бэмби» мультфильмида момақаймоқ гулчамбарлари орқали болалик ва баҳор образи ёритилган. Момақаймоқнинг осмонга учувчи «парашютчилари» доимо каттаю кичикка завқ бағишлаган. Ана шундай эътиборимни тортган маълумотлардан бири, оқ парашютчаларни тўкилмайдиган қилиб қотириш ҳақидаги маслаҳат бўлди: яъни уни узишдан олдин оддий соч лакини енгилгина сепасиз.
Халқ табобатида...
Биз доривор гиёҳ сифатида унчалик эътибор бермайдиган бу ўт илдизларидан тайёрланган дамлама ошқозон-ичак фаолиятини, сафро ва овқат ҳазм қилишни яхшилаш учун ишлатилади.
У иштаҳа очувчи, таом ҳазмини яхшилашда, қабзият, қорин дам бўлганда, сариқ ва жигар хасталигида, бод, қандли диабет, қон босими ошганда, пешоб йўли, буйракдаги тош, сил, қўтир, чипқон, куйган жойларни даволашда, сўгалларни йўқотишда яхши даво бўлади. Унинг барглари айниқса, камқонликда, қувватсизликда фойдалидир. Буюк аллома Абу Али ибн Сино ўсимлик билан йўтални қолдиришда, тиқилмаларни очишда фойдаланган. У заҳарга қарши, чаёнлар чаққанда наф беради. Эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиришда малҳам бўла олади.
Аччиқ ўтдан ширин шарбат
Момақаймоқ ҳақидаги постлардан бирига жойланган изоҳли суратга Шамсиддин Қирғизбоев шундай ёзган эди: мен бугун қоқиўтдан сироп тайёрладим.
Бир нечта видеоларни кўриш орқали билдимки, нафақат бизда бутун дунёда момақаймоқ гулидан асал, сироп тайёрланар экан. Ҳатто ундан жуда кўплаб салат рецептлари бор.
Энг қизиқ факт эса момқаймоқнинг пушти (Taraxacum Pseudoroseum) ва оқ (Taraxacum albidum) ранглари борлиги эди. Пушти момақаймоқ Ўрта Осиёда – Қозоғистон, Жанубий Олтой томонларда кўп учрайди.
Японлар тилида оқ момакаймоқ (исконно) дейиларкан.
Японлар ҳам бу ўсимликни доривор деб ҳисоблашаркан. Оқ гулли момақаймоқ тоғ ўрмонларидаги очиқ жойларда, дарё бўйларида, йўл четларида ўсади ва асосан Япониянинг ғарбий қисмида кенг тарқалган. Японияга мансуб (эндемик тур) ҳисобланган бу момақаймоқ турининг популяцияси йил сайин камайиб бораётгани айтилади.
Маълум бўлишича, оддий сариқ момақаймоқларимиз Японияга бегона тур.
Бу турлар ўртасида фарқ бор, масалан, оддий сариқ қоқиўт ўз-ўзидан (уруғланмасдан, ҳужайра кўпайиши туфайли) мустақил равишда кўпайиши мумкин, аммо оқ қоқиўт уруғини олиш учун чанглатиш керак.
Японлар оқ қоқиўтнинг илдизидан чой ва қаҳва тайёрлашади. Япон маданиятида момақаймоқ – сабр, умид ва севинч рамзи. Уларнинг халқ эртаклари ва болалар адабиётида момақаймоқ кўп учрайди. Шундай сатрлар ҳам бор: «Қалбимда гул очар, унда момақаймоқ – орзум каби енгил ва баланд». Япония боғларида оқ момақаймоқ махсус парвариш қилиниб, баҳорнинг бош хабарчиси сифатида етиштирилади...
Ҳозир қаерга қараманг, қоқиўт авжи гуллаган пайти. Бироздан кейин унинг гули оппоқ шарчага айланади. Авлоддан авлодга қоқиўт бизга болалигимизни эслатиб турадиган ўсимлик бўлиб етиб боради. Аммо унинг бошқа хислатлари, доривор ўт эканлиги негадир эътиборимиздан четда қолади. Гулчамбар ясаймизми, оқ шарчаларни пуфлаб учирамизми, сариқ гулларини терамизми – унинг жуда кўп дардларга шифо эканлигини, ўз вақтида соғлиқ учун фойдаланишни ва асраб-авайлашни ҳам унутмайлик.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter