Қишлоқ аёллари меҳнати эсланадиган кун
2020 йил 15 октябрда «Халқаро қишлоқ аёллари куни» ва «Бутунжаҳон озиқ-овқат куни» муносабати билан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» ассоциацияси томонидан Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги Ваколатхонаси кўмагида журналистлар орасида ташкил этилган кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими тантанали равишда бўлиб ўтди.
Халқаро қишлоқ аёллари куни ҳар кунги машаққатли меҳнати инсониятнинг фаровонлиги, унинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаётган қишлоқ аёлларининг жамиятимиз ҳаётидаги муҳим ўрнини дунё аҳолиси ёдига солиш мақсадида белгиланган. Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ФАОнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш ва қарор қабул қилиш жараёнларида қишлоқ аҳолисининг тўла иштирокини таъминлаш йўли билан ҳамма учун озиқ-овқат хавфсизлигига эришишни ният қилган.
Бутунжаҳон озиқ-овқат куни жорий йилда ФАОнинг 75 йиллигини нишонлаб, «Ўстирамиз, боқамиз, қўллаб-қувватлаймиз. Биргаликда. Келажагимиз ўз қўлимизда» шиори остида ўтмоқда. Мазкур сана инсонларни умумий ҳамфикрлик, бирдамликка чақириб, кескин ўзгариш даврида энг муҳтожларга ёрдам бериш ва озиқ-овқат тизимларини янада барқарор ва мустаҳкам қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон журналистлари ўртасидаги ушбу танлов ОАВда қишлоқ аёлларининг ютуқларини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган. Танловга телевидения, Ўзбекистон босма ва интернет нашрларида чоп этилган ишлар тақдим этилган.
Танлов натижаларига кўра «Аграр соҳа аёллари фидокорлиги» ва «Қишлоқнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида аёллар фаоллиги» йўналишлари бўйича 15 нафар ғолиб аниқланди. Номинациялар бўйича биринчи учта ўрин соҳибалари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, 6 та иш муаллифлари рағбатлантирувчи совринларни қабул қилиб олишди.
Тадбирнинг бадиий қисмида куй ва қўшиқлар янгради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter