Қайси қўшни давлатлар билан чегаралар очилган?

Бугун АОКА пресс-холида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдулҳамид Абдураҳмонов иштирокида ўтказилган брифингда муҳим саволларга жавоб қайтарилди.
– Махсус комиссия баёнига асосан 1 октябрь кунидан бошлаб чегарадан ўтишга рухсат берилган. Лекин ҳозиргача чегарадан ўта олмаяпмиз. Сабабини тушунтириб берсангиз.
– Давлат чегараси орқали ўтказиш бир давлатнинг эмас, балки икки томоннинг рухсати билан амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда Ташқи ишлар вазирлиги қўшни давлатлар билан бу борада бир қатор тадбирлар ўтказди.
Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида, шунингдек, қўшни давлатлар чегара қўшинлари билан келишган ҳолда Давлат чегарасидан фуқароларни ўтказиш масаласида баъзи натижаларга эришилди.
Жумладан, жорий йилнинг 1 сентябридан Қирғизистон Республикаси билан чегарадаги ўтказиш пунктлари фаолияти тикланди, 16 октябрь кунидан — Афғонистон Ислом Республикаси, 23 октябрь кунидан — Қозоғистон Республикаси билан чегарада маълум бир тоифадаги фуқароларнинг ҳаракатланишига рухсат берилди.
Туркманистон томони эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, киритилган чекловларни ўзгаришсиз қолдириш фикрини билдирди. Тожикистон томони ҳозирда ушбу масалани кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорига асосан, темир йўл ва ҳаво транспортида мунтазам рейслар хорижий давлатлар билан келишган ҳолда йўлга қўйилишига рухсат берилган.
– Хорижий давлатлардан вирус ташувчилари кириб келиши мумкин. Бу борада қандай чоралар кўрилмоқда?
– Хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятига қараб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларига бўлинишини ҳисобга олиб, фуқаролар тегишли санитар-карантин қоидаларига риоя этган ҳолда кириб келадилар.
Бунда, эпидемиологик вазият барқарор «яшил» давлатда сўнгги 14 кун давомида бўлган шахс, агар унда касаллик белгилари аниқланмаса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тўғридан-тўғри киритилади.
«Сариқ» ва «қизил» тоифага киритилган давлатлардан кириб келган фуқаро тасдиқланган шаклдаги мажбуриятнома бланкасини тўлдиради, ўз ҳисобидан экспресс тест текширувидан ўтади ва натижасига қараб тиббиёт муассасаларига даволанишга ёки уйига карантинга юборилади.
– Карантиндан олдин Ўзбекистонга Россиядан ўз енгил автомашинамда оилам билан келганман, энди қандай қилиб Россияга ушбу автомашинада кетсам бўлади?
– «Ғишт-кўприк» автойўл ўтказиш пункти орқали коронавирус инфекциясига чалинмаганлигингизни тасдиқловчи маълумотнома тақдим этган ҳолда чиқиб кетишингиз мумкин.
Бунда Қозоғистон Республикаси Махсус комиссиясининг рухсатномаси бўлиши мақсадга мувофиқ, чунки Қозоғистон томони учинчи давлат фуқароларига ёки транспорт воситаларига мамлакатга киришга ёки автомобилда транзит ўтишга рухсат бермаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter