Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қаҳва ичса бола ўсмай қолиши ростми?

Қаҳва ичса бола ўсмай қолиши ростми?

Фото: «Detpol6mag74.ru»

Болаларга одатда қаҳва берилмайди, яъни кўпчилик кофеин уларнинг ўсиш жараёнига салбий таъсир қилади, деб ўйлайди. Аслида-чи? Буни аниқлаш учун мутахассислар тадқиқот ўтказишгани ҳақида «Profile» ёзмоқда.

Кофе ёки кофеин болаларнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатиши аниқ исботини топмаган. Умуман олганда, инсон организмининг ўсиш жараёни кўплаб омилларга боғлиқ. Масалан, аниқланган юзлаб генлар инсон ўсишига 16 фоизгача таъсир қилади.

Боланинг умумий саломатлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, гўдаклик чоғида инфекцияни қайта юқтириб олиш унинг организми озиқ моддаларни ўзлаштириши ва суяклари ўсишини секинлаштириш мумкин, деб ёзмоқда «Livescience» нашри. Қолаверса, болаликдан сут каби муҳим маҳсулотларнинг етарли эканлиги, онанинг ҳомиладорлик пайтидаги парҳези ҳам жуда муҳим ўрин тутади, дейилади «Nutrition Research Reviews» журналида чоп этилган ушбу тадқиқотда.

Нега унда кўпчилик кофе болалар учун зарарли деб ўйлайди?

1980-йилларда ўтказилган тадқиқотлар мунтазам қаҳва истеъмол қилувчиларда остеопороз (суякларда кальций етишмовчилиги билан боғлиқ касаллик) хавфи юқорилигини кўрсатганди. Чунки кофеин организмдан кальцийнинг чиқиб кетишини оширади (унча кўп бўлмаса-да). Агарда кофеин суякларни кучсизлантираркан, мантиқан олиб қараганда, болаликдан қаҳвани кўп истеъмол қилиш бўйнинг ўсмай қолишига ҳам олиб келади, деган тушунча шаклланиб қолган.

Бироқ бошқа бир, асослироқ сабаб бор: қаҳвахўрлар одатда кальцийнинг асосий манбаи саналган сутни кам ичишади. Демакки, муаммо кофеда эмас, балки кальций етишмовчилигида бўлган. Қолаверса, сўнгги ўтказилган тадқиқотлар остеопороз ва қаҳва истеъмоли ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини кўрсатган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг