Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пушаймонлик қисмати ёхуд гумроҳлик гирдобида

Пушаймонлик қисмати ёхуд гумроҳлик гирдобида

Фото: Xabar.uz

Тақдир яратгандан, тадбир бандадан дейишади. Бу нақлни инкор этмоқчи эмасмиз. Тадбирли инсон ақл-идрок, фаҳм-фаросат билан иш тутади, оқибати хунук, охирати куюк бўлишига йўл қўймайди. Тирикчилик ғами, рўзғор ташвиши деб дуч келган ишга қўл уришни одобдан, инсофдан деб билмайди.

Хорижга ноқонуний йўл билан чиқиш одамга панд бериши ҳақида кўп ва хўб гапирганмиз, кўрганмиз ҳам.

Айни кунларда жамоатчилик эътиборини тортган бир манзарани кузатайлик. Президентимизнинг хайрихоҳлиги ва ташаббуси, меҳридарёлик ва инсонпарварлик сиёсати ўлароқ, Сурияда дарбадарликни бошидан кечирган ватандош аёл ва болаларни ўз юртига қайтариш, муносиб кутиб олиш ва уларнинг ҳолидан хабар олиш гуманистик моҳият касб этади.

Мана, уч кундирки, Чирчиқ туманидаги Бўстон сиҳатгоҳига жойлаштирилган 156 нафар жабрдийда аёл ва болалари билан суҳбат ўтказиш ва даволаш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг соғлиги ва тинч шароити, яшаши учун деярли барча зарурий эҳтиёжлар тўла таъминланган.

Афсус ва надоматлардан кўзлари ёшланган, ўз халқи ва ватани марҳаматидан сарҳуш бўлган айрим аёлларнинг болаларини кузатдик.

Биз, яъни Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзолари билан бирга иш олиб бораётган психологлар болаларнинг онги ва тафаккури нимага боғлангани билан қизиқишди.

Даставвал, уларга оқ қоғоз ва рангли қаламлар бериб, ниманидир чизишларини сўрашди. Болалар баланд тоғлар, кенг қир-у адирлар, ўтлаб юрган қўй-қўзиларни, нур сочиб турган қуёш, мусаффо осмон ва қанот қоқиб учаётган қушлар тасвирини чизармикин деган умид билан уларни кутдик. Бир неча дақиқадан кейин не кўз билан кўрайликки, улар белига гранаталар боғлаб олган жангарини, танкларни ҳамда кўкдан бомба ташлаётган самолётнинг тасвирини чизишди. Суратидаги жангарини кўрсатиб бу ким дегандик? Виқор билан «дадам» деб жавоб бераяпти. Уларнинг дийдаси қотган, сиртдан кулишга интилишса ҳам кўзлари тубига яширинган мунг, ички бир аламни сезмаслик асло, мумкин эмас.

Фото: Xabar.uz

Тарғибот гуруҳимиз, адашган аёллар билан суҳбатлашаркан, уларнинг қилган қилмишлари такрорланмаслиги ва бир умрлик сабоқ бўлиб қолишини, кейинги ҳаётини ҳалол яшаб, етим қолган болаларига тўғри тарбия бериб парваришлаш зарурлигини уқтириш ва тушунтиришни мақсад қилди.

Тирикчилик илинжида чет элларда сарсон саргардонликда яшаган бунинг устига болаларини ҳам ана шу изтиробларга солган ота-оналарнинг афсус-надоматлари, фиғони фалакка чиққани рост. Отаси шаҳид кетиб, фарзандларини, ҳатто ёш гўдакларини ҳам билиб-билмасдан ана шу қайғуга шерик қилган, эндиликда пушаймон оналарнинг қисмати деярлик бир-бирига ўхшаш. Тирикчилик ташвишида Россияга бориш ва Туркия орқали Сурияга ўтиб изтироблар исканжасида қолиш тақдири билан муштаракдир.

Мана, улардан айримларининг қисмати.

Нодира Мустафоқулова 1993 йили Бекобод шаҳрида туғилган. Учта фарзанд — иккита қиз, битта ўғилнинг онаси. Мактабни битказгач, ҳар хил юмушлар билан шуғулланган.

«Мен ҳижобда эдим. Маҳалладан, турли идоралардан келиб ҳижобни ечишим зарурлигини қайта-қайта айтишдан тўхташмасди, — дейди у. — эрим тинч юриш, рўзғор тебратиш учун четга чиқиб ишлаш кераклигини айтди ва Россияга кетишга қарор қилди. Олди-сотди, тижорат ишлари билан шуғуллана бошлади, онда-сонда келиб пул ташлаб кетарди. Кейин бизларни ҳам чақирди. Бориб бир неча вақт турганимиздан сўнг кимлардандир Туркияга бориш ва яшаш қулайлигини айтиб келди. Ниҳоят, Туркияга бордик. У ердаги тирикчилигимиз ҳам кўнгилдагидек бўлмади. Сўнгра қаердандир Сурияга бориш ғоясини топиб келди. Эътироз билдирсам, аёл киши эри қаерда бўлса ўша жойда бўлиши керак деб жеркиб берди. Сўзсиз итоат қилдим, 2013 йилнинг ноябрида Сурияга қараб йўл олдик. Бизларни даставвал автобусда чегарагача олиб боришди. Сўнгра чегарадан у томонга пиёда олиб кетишди. Сурияда 2 йилча яшаганимиздан сўнг уруш бошланди. Яшаётган уйларимиз ер билан яксон қилинди. Жон сақлаш учун ҳар томонга зир югурдик. Самолётдан ташланган бомбадан жароҳат олдим. Мана кўриб турганингиздек чап қўлим ва кичик бармоғимда осколка — ўқ қолдиғи бор. Қизларимга Жувайрия, Сумайя, ўғлимга Умар деб исм қўйганмиз. Суриялик араблар ўзбекча номларни айтишга қийналишарди. Курдлар босиб олгандан кейин бизларни кенг бир далага олиб чиқишди, чодир қуриб беришди. Сўнгра ертўлада жой қилиб яшашдан ўзга иложимиз қолмади. Йўқса, бомба остида қолиб кетардик. Укам Алишер курдларнинг қўлига асир тушди».

Сўнг бир чеккада кўзлари жиққа ёшга тўлган Шаҳноза Канатова ҳам ўз дардини айтса, енгиллашишини ўйлабми, суҳбатга қўшилди. У асли Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридан. 1982 йили туғилган. 3 нафар фарзанднинг онаси.

«Эрим Россияда қурилиш ишларида прораб бўлиб ишларди. Бизларга пул юбориб турарди. Укам ҳам эрим билан бирга Россияда ишлади. Юртга қайтишни кўп бор ўйладим. Лекин укаларим Шоҳруҳ ва Шуҳрат устидан жиноят иши очилгани учун бизларни ҳам қамаб қўйишади деб қўрқдим. Уларни Президент авф қилганини, амнистияга тушиб қамоқдан чиққанини эшитганимдан сўнг кўнглим хотиржам топди. Олдинига ишонмадим ҳам. Ўзимга дард ҳам орттирдим. Нафасим сиқади, астма касалига учраган, ҳозир даволашяпти мана. Биз ҳам адашганлар қаторида Сурияда азоб ва изтиробларга дучор бўлдик. Ота-онам темир йўл тизимида ишлаган, ўзим Самарқанд темир йўл техникумини битказганман. Улар билан бирга бир мунча муддат ишладим ҳам. Эримни гапига кириб кетганим, сарсон-саргардон бўлганим учун ота-онам билан алоқа узилганидан афсус-надоматдамиз, адашганимизга иқрормиз» — деди у. Суҳбат қизғин бўлаётгани боис яна уч тўртта аёл суҳбатга қўшилди.

Назарова Меҳринисо 1978 йил туғилган. У ҳам Туркия орқали Сурияга бориб гумроҳлик гирдобига тушганлардан. У ўз қисматини шундай ҳикоя қила бошлади:

«Эрим Акмал Йўлдошев Туркияда касаллик орттириб даволаниб чиқди, жарроҳлик операциясидан сўнг, оёғи оқсаб юрадиган бўлиб қолди. Оғир юк кўтара олмас эди. Уни ҳам жангарилар қаторида урушга олиб кириб кетишди. Қирғизистонлик йигитлар «Эринг жангда ўлди, бомба остида қолди» деган мудҳиш хабарни келтиришди. Тақдирга тан бердим. Ота-она қабул қилмаса ҳам, юрт қабул қилгани бизни адашганлигимизга яна бир бор иқрор қилди».

Улар орасида 12 ёшида онаси билан кетган А.Алимованинг аянчли қисмати ҳақида гапирмасдан ўтиш мумкин эмас. У 2000 йилда Тойлоқ туманида туғилган. Онаси оилавий келишмовчиликлар сабаб эридан ажралган пайтда, у 12 ёшда бўлган.

2012 йили онаси уни бу ерда яшаш, бош кўтариб юриш энди қийин деб ўзи билан Россияга олиб кетади. Онаси Фурқат исмли тожикистонлик бир йигит билан турмуш қуради. Фурқат уларни бу ердан кўра Туркияда яшаш яхши деб Россия ва Украина орқали Туркияга олиб ўтади. Туркияда маълум бир муддат тургач, бир куни бошқа ерга кўчамиз деб келади. Қаёққа олиб борилаётганини билмаган она-бола индамасдан унга эргашишади. Кейин билишса, Сурияга келишибди. 2014 йил ноябрда Хулофот эълон қилинади. 2015 йилда Фурқат ҳам жангда шаҳид бўлади. Кейин Азиза асли бекободлик бўлган Аъзам Йўлдошев билан турмуш қуради.

«Онам, — дейди у, — жанггоҳдан қочмоқчи бўлганда Бағдодда асир тушган. Ҳозир онам Бағдодда учта укам билан яшашади. Бизлар асли исмимизни ўзгартирган ҳолда бошқа исм билан юрганмиз. Онамнинг иккинчи эри Фурқат — Абдуллоҳ, менинг эрим Аъзам — Абдулҳай, онам Феруза — Асия, мен эса Хадича номи билан юрганман. Ҳар кунимиз қўрқув ва ҳадик билан ўтарди. Қачон қайси бир дайди ўқ тегишини билмай доим хавотирда яшардик. Президентнинг ватандошларни ўз юртига қайтариши ҳақидаги хушхабар тарқалди. Олдинига биз ишонмадик. Сизларни борган заҳоти қўлингизга кишан солишади, ишонманглар деб қўрқитганлар ҳам бўлди. Бизлар 4 та автобусда турнақатор бўлиб келаётган эдик. Автобусда 300 тача ўзбекистонлик бор эди. Биринчи ва тўртинчи автобусни тўхтатишди, сизларни сотиб олишса, юборамиз деб дўқ-пўписалар қилишди. Бўлмаса 15 минг доллардан Шияларга сотамиз дейишди. Эримни ҳам қирғинбарот жангда шафқатсизларча ўлдирилганини эшитдим».

Фото: Xabar.uz

Худди шундай аянчли тақдир қаршилаганларидан яна бири Гулчеҳра Комиловадир. У 1984 йилда туғилган. Беш нафар фарзанднинг онаси. Қардошларининг яна 3 нафар фарзандини ҳам ўз бағрига олган. Унинг тиззасида ўтирган Иброҳим исмли болага ногоҳ кўзим тушди. Иброҳимнинг чап оёғидан тиззасининг пастки қисми бутунлай узилиб тушган. Сабабини сўраганимда гранаталар шодаси боғланган камарни ўйнаб турган пайтида билмасдан портлаш содир қилади, оёғидан ажралади, сал нари ёқда турган акаси ва синглиси ҳам қаттиқ жароҳат олишади. Ўзи ҳақида хорижга кетиб қолиш тарихини сўраганимизда шуларни сўзлаб берди:

«Эрим Россияда ишлар эди. Мен 5 йил давомида унинг ёнига бориб келиб юрдим. Буларга иш берган россиялик фуқаро билан пул, иш ҳақи масаласида улар орасида зиддият келиб чиқади. Оқибатда эрим қотилликка қўл уради ва Россияда қамалди. Мен талмовсираб қолдим. Яшаш учун, тирикчилик қилиш учун майда-чуйда ишларни қилиб юрдим. Бизларга Ўзбекистонда қидирув эълон қилингани, бу хунук хабарни эшитиб дадамнинг бир кунда сочи оқариб кетганидан хабардор бўлдим. «Сен рўйхатга олиндингми, барибир, сени терговга чақириб зада қилишади, шу сабаб юртингга қайтмаганинг маъқул», дейишди. Мен онамни роса соғиндим, ўлигимни ҳам, тиригимни ҳам билишмайди ҳали, бизлар аслида, ўқитувчилар оиласиданмиз.

Адашиш касб билан боғлиқ эмас, балки, ироданинг сустлиги, ақл-идрок ва фаҳм-фаросат билан боғлиқ экан. Ўзбекистонга қайтиш пайтимизда кўпчилик иккиланиб туришди. Бизни олиб кетишга келганлар «Ўзларингиз ишонмасангиз, етимларни беринглар, биз уларни қариндош-уруғларига берамиз, дейишди. Шунда ҳам кўпчилик ишонмасдан қолиб кетишди. Биз эса нима бўлса ҳам таваккал қиламиз, жасадимиз ёт ерларда қолиб кетгандан кўра, ўлигимиз ўз юртимиз тупроғида бўлсин деб, қандайдир қўрқув ва ҳадик билан ишонқирамасдан келдик. Ишончсизлик самолётдан тушаётган пайтимизда ҳам бизни тарк этмаган эди. Бизга энг яқин одамидек муносабатда бўлган ҳамюртларимизнинг, тиббий кўрикдан ўтказиб, беморларимизга ташхис қўяётган докторларнинг меҳр-у муруввати олдида эсанкираб қолдик. Беихтиёр президентга раҳмат деб юбордик.

Барчамизни реабилитация қилишганини, ҳатто, ҳар биримизга бош-оёқ кийимлар берилганини кўриб ҳайратдан ёқа ушладик. Қилмишларимизга астойдил пушаймон бўлдик. Ўн йиллар мобайнида янги кийим киймаган ва кўрмаган болаларимизнинг кўзларидаги хурсандчиликни кўриб ич-ичимиздан эзилдик, беихтиёр кўзларимизга ёш қалқди. Беморларимизни даволаб фарзандларимизга турли ўйинчоқлар совға қилинаётганини, ўзларимизга эса педагог, психолог ва маънавиятчиларнинг турли маърифий суҳбатлар уюштиришлари, концерт дастурлари ташкил этилаётганидан, очиғини айтганда, лол қолдик».

(давоми бор)

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ Матбуот котиби, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг