Президентнинг Наманганга ташрифи арафасидаги кўзбўямачилик: кўчалардаги ими-жими таъмирлашдан ким наф кўради?
Ўзбекистон Президентининг Наманганга ташрифи арафасида вилоят марказидаги эътибордан четда қолиб келган кўчаларда айни кезда ими-жимида таъмирланмоқда. Бу фикримизга сиз суратларда кўриб турган, Наманган шаҳридаги «Олвализор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Симкўчада олиб борилаётган ишларни мисол тариқасида келтириш жоиз.
Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи кўплаб фуқаролар кўчанинг абгор ҳолати юзасидан Наманган шаҳар ҳокимлиги, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳамда шу ҳудудга масъул бўлган сектор – Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси раҳбарига бир неча бор мурожаат қилишган, аммо аҳолининг хоҳиши ҳозиргача амалга ошмасдан келмоқда.
Аҳолининг айтишича, мутасаддиларнинг жавоби битта: «Кўчангизни дастурга киритганмиз, тез орада кўчангизда таъмирлаш ишларини бошлаймиз». Таассуфки, бу ваъда бир неча йилдан бери бажарилмай келмоқда.
Дарвоқе, мазкур кўчада нафақат Наманган вилояти, балки республикамизда ўз ўрнига эга бўлган Маҳдуми эшон жоме-масжиди ҳам жойлашган. Яқинда Малайзиядан келган туристлар масжид ҳақида, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида фикр билдираётиб, кўчангизга қарашмабди-да, деб гапириб кетишганди.
Давлатимиз раҳбари вилоятлардаги ташрифларидан бирида бу масала хусусида фикр юритиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқни рози қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган, кўзбўямачилик қилган барча даражадаги раҳбарларга кескин чоралар кўрилишини алоҳида қайд этган эди. Бироқ Намангандаги раҳбарлар ҳали ҳам бир-бирини алдаш, кўзбўямачилик, боқимандалик, бепарволик кайфиятида юрган кўринади.
Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини раҳбарларимиз қулоғига қўрғошиндай қуйиб олиши шарт: «Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз».
Содиқ Ният
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter