Президент қарори билан 4 та музей-қўриқхона ташкил этилади
Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.
Қарорга мувофиқ Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари негизида Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.
Департамент моддий маданий мерос, жумладан, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида махсус ваколатли муассаса ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
2019-2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Департамент қошида тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 11 нафар олим ва юқори малакали мутахассислардан иборат Илмий-эксперт кенгаш тузилди.
Эндиликда, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳалар Илмий-эксперт кенгаш билан келишилиши лозим, бунда унинг хулосаси Департамент учун мажбурий ҳисобланади.
Маданий мерос жамғармаси ташкил этилиб, уни шакллантириш манбалари белгилаб қўйилди.
Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Хива «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси тегишлича «Бухоро», «Самарқанд», «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхоналари этиб қайта номланди.
Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича «Сармишсой», «Шаҳрисабз», «Термиз» ва «Қўқон» давлат музей-қўриқхоналарини ташкил этилади.
Қарорга кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади.
Бунда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.
Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспекторлар фаолияти ташкил этилади, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter