Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент паралимпиячиларга мукофотларни топширди (фото)

Президент паралимпиячиларга мукофотларни топширди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди.

Тадбирда Миллий Паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, мазкур мусобақа 28 августдан 8 сентябргача Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин паралимпиячилар қатнашди. Ўзбекистондан 9 та спорт тури бўйича 65 нафар йигит-қиз иштирок этди.

Олимпиадада бўлганидек, Паралимпия ўйинларида ҳам мамлакатимиз учун ютуқлар, рекордлар кўп бўлди. Вакилларимиз 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.

Президент спорт жамоатчилигини ушбу натижалар билан халқимиз номидан табриклаб, нутқ сўзлади.

 – Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши. Сиз юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз. Ўзбекистон ўз спорт тарихида кўп-кўп ютуқ ва зафарларни кўрган. Лекин Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари бўлмаган эди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, Японияда бўлиб ўтган аввалги паралимпиададан сўнг келгуси сафар кучли ўн бешта давлат қаторига кириш мақсад қилинган эди. Ўтган йиллар давомида бу йўлда катта тайёргарлик кўрилди. Ижтимоий давлат тамойилига мувофиқ, ногиронлиги бўлган спортчиларга барча шароитлар таъминлаб берилди. Ният ортиғи билан ижобат бўлиб, мамлакатимиз дунёда 13-ўринни эгаллади.

Жумладан, ядро улоқтириш баҳсларида олтин медаль олган Ҳусниддин Норбеков уч карра паралимпия чемпиони бўлди. Яна бир ядро улоқтирувчимиз Бобиржон Омонов ва дзюдочи Шерзод Намозов иккинчи бор бундай ғолибликка сазовор бўлди.

Диск улоқтириш бўйича моҳир спортчи Толиббой Йўлдошев бирйўла иккита маррани забт этиб, ҳам олтин, ҳам бронза медални қўлга киритди. Икки карра паралимпия чемпиони Ёрқинбек Одилов найза улоқтириш бўйича Осиё рекордини янгилади. Шунингдек, Асадбек Тоштемиров таэквондо, Қудратуллахон Маъруфхўжаев ва Элбек Султонов ядро улоқтириш баҳсларида ғалаба қозонди.

Бу йилги ўйинлардаги медалларнинг 11 тасини қизларимиз қўлга киритгани диққатга сазовор. Асила Мирзаёрова узунликка сакраш, Нурхон Қурбонова найза улоқтириш бўйича паралимпия чемпиони бўлди. Улар ўз натижалари билан ушбу ўйинлардаги ва жаҳон миқёсидаги рекордларни ҳам янгилади. 15 яшар Шаҳинахон Йигиталиева кумуш медални қўлга киритиб, паралимпия ўйинларидаги энг ёш совриндор сифатида тарихга кирди. Рўза Қўзиева пауэрлифтинг бўйича иккинчи ўринни эгаллади.

Яна бир эътиборли жиҳати, таэквондо бўйича терма жамоамиз биринчи марта Паралимпия ўйинларида 3 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. Енгил атлетика бўйича вакилларимиз эса биринчи марта 8 та олтин медални, яъни энг юқори совринларнинг 80 фоизини ўзиники қилди.

Давлатимиз раҳбари музаффар спортчиларимизни номма-ном тилга олиб, матонатли ғалабаларини эътироф этди. Бу гал бироз омад етишмай, медаль ололмаганларни ҳам қўллаб-қувватлаб, келгуси мусобақаларда зафар ёр бўлишини тилади.

– Сизлар эришган бу улкан зафарлар Оллоҳ таолонинг чинакам мўъжизаси бўлган инсон зоти қандай беқиёс имкониятларга, қандай тенгсиз қудратга эга эканини яна бир бор яққол намоён этди. Чиндан ҳам, бу ҳаётда кўп нарсани ҳал қиладиган омил – бу юксак ирода ва матонатдир. Лекин одамнинг қалбига мана шундай ирода ва матонатни сингдириш, уни тарбиялаб, камолга етказиш – бу албатта осон иш эмас. Сиз, азиз фарзандларим бугунги ғалаба шоҳсупасига етиб келгунга қадар қандай узоқ, оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтганингизни мен ўзимга яхши тасаввур қиламан. Бу олис йўлда гоҳо турли синов ва муаммолар, шубҳа-гумонлар, ишончсизлик, изтироб ва армонлар ҳам сизларни қийнаганини, қанча-қанча узун тунларни ухламасдан, бедор ўтказганингизни ҳам яхши биламан. Ўз олдингизга қўйган мақсадга эришиш йўлида сизларнинг бошқаларга қараганда ўн марта, балки юз марта кўпроқ меҳнат қилишингизга, машаққат чекишингизга тўғри келганини ҳам мен яхши англайман. Мана шундай мураккаб дамларда сизларнинг юрагингизга умид ва ишонч, қатъият ва жасорат туйғусини бағишлаган, сизлар билан ёнма-ён туриб, сизларни доимо қўллаб-қувватлаб, зафарли марралар сари руҳлантирган фидойи инсонлар бор. Булар – аввало сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, яқинларингиз, жигарларингиздир, – деди Президент.

Шу муносабат билан маросимда қаҳрамон спортчиларнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзолари ҳам олқишланди.

Давлатимиз раҳбари тажрибали мураббийлар, психолог ва бошқа мутахассисларга ҳам ташаккур изҳор этди.

– Ўзбекистоннинг ўз матонат мактаби, шон-шараф мактаби бор. Бу мактабнинг чинакам бунёдкорлари сизлар, десак, айни ҳақиқат бўлади. Сизларнинг спортдаги, ҳаётдаги ютуқларингиз ёшларимиз учун куч-ғайрат манбаи, матонат ва ибрат намунаси, – деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизда спортни ривожлантиришда имконияти чекланган шахслар ҳам қўллаб-қувватланиб, уларга инклюзив шароитлар яратилмоқда. Бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Адаптив спорт турлари ассоциацияси кўп ишлар қилмоқда.

Президентимиз келгусида ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини янада кенгайтириш, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.

Учрашувда 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Аввало, янада кўпроқ спорт турлари бўйича қатнашиш, тайёргарлик ва натижадорлик юқори бўлиши учун аниқ стратегия асосида иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, тиббий кўриклар, фармокология ва диетология ривожлантирилади. Паралимпиячилар билан ишлайдиган психологлар фаолиятини рағбатлантириш йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

– Сизлар тақдирнинг ҳар қандай синовларига қарамасдан, фақат ғалабага интиладиган инсонларсиз. Интилган, ҳаракат қилган одам ҳам, жамият ҳам кам бўлмайди. Мана шундай фазилатларингиз янада зиёда бўлсин, сизларга доимо бахт ва омад келтирсин, – деди Президент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг