Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пенсияни нақд пулда олиш учун ариза ёзиш талаб этилмайди

Пенсияни нақд пулда олиш учун ариза ёзиш талаб этилмайди

Фото: Xabar.uz

2020 йил 13 майда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли, айниқса кекса ёшдаги фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб мурожаатларни инобатга олиб пенсиялар нақд шаклда тўланиши бўйича топшириқ берилди.

Пенсия жамғармаси матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур топшириққа мувофиқ, 2020 йил июнь ойида пенсия ва нафақалар фуқароларга аввалгидек нақд пул шаклида амалга оширилади.

Бунда, пенсияларини нақд пулга қайтарилиши бўйича фуқаролардан Халқ банки ёки Пенсия жамғармасига ариза бериш талаб этилмайди.

Халқ банкига кўра, нақд пулда пенсия тўловлари банкнинг сайёр кассалари томонидан карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда пенсионерларнинг яшаш манзилларига, одатий графикка мувофиқ ҳар ойнинг 27-санасига қадар етказилади.

Банк пластик картаси орқали олишни давом эттириш мумкин-ми?

Пенсияларини банк пластик карталари орқали олиш истагини билдирган (ариза берган) ҳамда май ойидан аввал банк картаси орқали пенсия олиб келган фуқароларга тўловлар июнь ойида ҳам банк пластик карталари орқали давом эттирилади.

Аввалги аризаларига мувофиқ, пенсияларини қисман нақд ва банк карталари орқали олиб келган фуқароларга июнь ойидан пенсиялари уларнинг аризаларида белгиланган нисбатларда амалга оширилади.

Банк пластик карталари орқали пенсия ва нафақа олувчиларга маблағлар 3-8 июнь санасида тўлиқ молиялаштириб берилиши режалаштирилган.

Пенсияларни банк пластик картасига ўтказиш учун нима қилиш лозим?

Фуқароларни оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида, Пенсия жамғармаси ва Халқ банки томонидан ҳамкорликда қўшма келишув имзоланган.

Бунда, ўз пенсияларини банк пластик карталарига ўтказиш истагини билдирган фуқароларни кўчага чиқишлари талаб этилмайди. Яъни, фуқаролар Халқ банкининг - 1106 ёки Пенсия жамғармасининг – 1140 «Ишонч телефони»га мурожаат қилишлари кифоя.

Ушбу мурожаатга кўра, Халқ банки сайёр кассаси томонидан пенсионернинг яшаш манзилига борилган ҳолда ариза ва шартнома расмийлаштирилади.

Пенсионерлар уйдан чиқмаган ҳолда пенсия тўловини бошқаради

Бугунги кунда Пенсия жамғармаси томонидан Марказий банк ва тижорат банклари билан ҳамкорликда, пенсионерлар томонидан пенсия пулларини бошқаришлари бўйича мобил илова ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу мобил илова ёрдамида, пенсионерлар уяли телефонлари орқали банк ёки Пенсия жамғармасига бормаган ҳолда, банк пластик картасини очиш ҳамда пенсияларини ушбу банк картасига ўтказиш учун масофадан туриб ариза бериш имкониятига эга бўладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг