Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Партиялар асосий ижтимоий муаммоларни қандай ечмоқчи? Мутахассис таҳлили

Партиялар асосий ижтимоий муаммоларни қандай ечмоқчи? Мутахассис таҳлили

Давлат раҳбарининг вилоятларга ташрифи чоғида маҳаллий раҳбарларнинг ҳали назари тушмаган чекка қишлоқларга етиб бориши, халқ билан очиқ мулоқот қилиши, муаммоларни жойида ўрганиши ва ўша жойнинг ўзида ҳал этиши мамлакатни бошқариш борасида ўзига хос янгилик бўлди.

Мамлакатимиз ҳудудларида аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар, хусусан, свет, газ, сув, йўл, канализация билан боғлиқ, шунингдек, одамларни уй-жой билан таъминлашдаги муаммолар ҳамда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналарининг тўла қувват билан ишламаётгани партияларнинг сайловолди дастурларида турлича талқин қилинган.

Жумладан, Экологик партия томонидан ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун «Яшил иқтисодиёт» тамойилларини жорий этиш таклифи илгари сурилган бўлса, Халқ демократик партияси томонидан эса ҳудудларнинг барқарор ривожланиши учун давлат даромадларини тенг ва адолатли тақсимлаш, ҳудудий дастурларни амалга ошириш учун давлат бюджети, бошқа ички ва ташқи манбалардан қўшимча молиявий ресурсларни сафарбар этиш вазифалари баён қилинган. Аммо бу вазифаларни ҳал этиш учун аниқ ҳисоб-китоблар ҳамда қанча маблағ сарфланиши кўзда тутилмаган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан юқорида келтирилган муаммоларни ҳал этиш учун туман ва шаҳарлар кесимида 14 та беш йиллик ҳудудий дастурларни амалга ошириш режалаштирилган, ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш учун урбанизация сиёсатини янада такомиллаштириш кўрсатиб ўтилган. Бунинг учун 18 та катта, 22 та ўрта ва 80 та кичик шаҳарлар ўртасида транспорт-логистика тизими ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари амалга ошириш белгиланган.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳудудларнинг «ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш режалаштирилган. Бунинг учун 70 минг километр магистрал ва паст кучланишли электр тармоқлари, 22 мингдан ортиқ трансформатор ҳамда 100 дан зиёд подстанция қуриш ва янгилаш вазифалари белгиланган. Демак, партия сайловолди дастурида келгуси беш йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар аниқ ва рақамларда кўрсатиб ўтилган.

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг сайловолди дастурларида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш учун коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини хусусийлаштирилаштириш орқали амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан кўринадики, «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан ўнг қанот ёндашуви, яъни давлат ролининг заифлашувини амалга ошириш орқали бозор муносабатларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт эркинлигига мажбурий ўтиш аниқ кузатилади. Бу ҳолат коммунал соҳадаги хизмат кўрсатувчиларнинг таърифларининг ўсиб кетишига олиб келади.

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш, ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шарти эканини эътиборга олиб, партия томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш илгари сурилган. Фикримизча, «Адолат» социал-демократик партияси дастурларининг мазмунига кўра, чап ва марказий ёндашув элементларини кўриш мумкин. Бундан кўринадики, партия ўз позициясига кўра, «икки томонлама» стулда ўтириш ҳолатларини намоён қилмоқда. Мазкур ҳолат чап томонидан ифодаланган популизм ва марказий ёндашувга кўра иқтисодий ривожлантириш бўйича Ғарб қарашларини илгари сурмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг олдинги дастурларида қабул қилинган вазифаларни бажариш эвазига мамлакат ҳудудларидаги аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий муаммоларини жойида ҳал этиш ва бу борада қуйи тизим самарадорлигини ошириш юзасидан 4-5 йилда амалга оширилган ишлар таҳлилини кўриб чиқамиз. Жумладан, партия дастурларида белгиланган вазифаларни бажариш натижасида кейинги беш йил ичида халқ билан доимий юзма-юз мулоқотни амалга ошириш тизими яратилди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси, кейинроқ Президентнинг ҳудудларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Натижада Президент ва бошқа раҳбарлар ҳудудларда халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказа бошлади. Бу жараёнлар халқнинг онги ва руҳини кескин ўзгартирди. Чунки виртуал ва Халқ қабулхоналари аҳоли билан жонли учрашувлар жамият ҳаётининг барча жабҳасида ҳақиқий аҳвол қандай эканини равшан кўра олиш имкониятини яратди.

Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали ҳамда жонли учрашувларда фуқаролар шу пайтгача ҳал бўлмаётган муаммоларини Президентга тўғридан-тўғри етказадиган бўлди ва улар тезда ҳал этила бошланди. Бунинг натижасида раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулияти кескин ошди. Бу тадбирлар юртдошларимизнинг адолатга бўлган ишончини қайта тиклаши учун муҳим восита бўлди. Қабулхоналарга келаётган аризалар ўз вақтида масъуллар ёрдамида ҳал этилиб, раҳбариятнинг доимий эътиборида бўлди.

Бу тизимнинг жорий этилиши натижасида барча бўғинлардаги раҳбарларнинг фаолияти орқали мамлакат аҳолисининг ташвишларини қай даражада ҳал қилишига боғлиқ бўлган муҳит яратилди. Ҳамма идора ва ташкилотларда «Фуқаролар қабулхоналари» ҳамда «ишонч телефонлари» ташкил этилди, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар ойда ўзига бириктирилган ҳудудларда сайёр қабул ўтказа бошлашди. Шу билан бирга, Давлат хизматлари агентлиги тузилди ва бу йўл билан битта ҳужжат олиш учун аҳолининг қатор идораларда сарсон бўлиб юриши каби бемаъни ҳолатга барҳам берилди.

Партия томонидан амалга оширилган самарали ишлар натижасида давлатни бошқариш амалиётига янги йўналишлар жорий этилди. Натижада давлат раҳбари томонидан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ташкил этиш ва бошқариш жараёнидаги янги усул жорий этилди.

Бу усулнинг моҳияти шундаки, партия ташаббуси билан барча ҳудудларда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқариш бўйича жойларда давлат раҳбарининг ўзи маҳаллий ташкилотларнинг вакиллари ва тадбиркорлар билан биргаликда ҳудуддаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш имкониятлари жорий этилди. Бундай бошқарув тизимининг жорий этилиши мамлакат миқёсида ижтимоий муаммолар ва ҳудудлардаги инфратузилма объектларининг яхшиланишига сабаб бўлди.

Мазкур ташрифлар натижасида ҳудудларни ривожлантириш, туманлар ва шаҳарлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, улар қиёфасини янгилаш, маҳаллий бюджетларни мустаҳкамлаш ва ҳудудлар иқтисодиётида таркибий ўзгаришларни амалга оширишда катта ишлар амалга оширилди. Янги ҳудудий сиёсатнинг бош мақсади Президент томонидан амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатни аҳолига тўлиқ етказиш, ҳудудларни ривожлантиришда нафақат вилоят даражасида, балки туман, шаҳар ва маҳалла даражасига тушиб ишлаш, мамлакатимизнинг чекка жойларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳолатини яхшилаш, аҳоли ва иқтисодиётни ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш, қолоқ ва экологик жиҳатдан оғир ҳудудларни ривожлантиришга қаратилди.

Бу ишлар эса, аввало, барқарор ривожланишни таъминлаш, халқни рози қилиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришни назарда тутган ҳолда амалга оширилди.

Нодир Расулов,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий
тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг