Озодбек Назарбеков: «Миллат ғурурига дахл қилманг!»
Маданият вазирлиги биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков рус тилига расмий мақом беришни талаб қилиб чиққан бир гуруҳ «ўзбек зиёлилари» ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
«Шу кунларда шууримни қамраб олган оғриқли бир ўй менга тинчлик бермай қўйди. Мулоҳазаларимни изҳор этиш истагига туртки бўлган воқеа — айрим «ўзбек зиёли»ларининг рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқиши бўлди. Тилимиз 1989-йил, мустақилликдан икки йил муқаддам ҳурлик даражасига эришди. Бу осон кечмаган буюк бурилиш эди. Орадан ўттиз йил ўтиб, кутилмаганда давлат тилига шерик сифатида бошқа бир тилни расмий тил даражасига қайтариш таклифи мени ниҳоятда ҳайрон қолдирди. Балки бу ижтимоий тармоқларда учровчи сафсатадир, иғво тарқатишни истаганларнинг яна бир уйдирмасидир ҳам, деб ўйладим. Афсуски, рост хабар экан.
Ўйланиб қолдим, биз йиллар давомида тилимизга лоқайд бўлиб келдикми? Она тилимиз учун етарлича жон куйдирмадикми? Тилимиз истиқлолимиз гарови эканини бот-бот таъкидламадикми? Балки кимларгадир уни эгасиздек кўрсатиб қўйганимиз учун ҳеч иккиланмасдан бошқа бир тилнинг унга шерик бўлишини таклиф этишаётгандир? Ахир давлатимиз истиқлолга эришгач, тилимизга эътибор кучайди. Ўзбек тилини юртимизда нафақат давлат тили ва расмий тил сифатида, балки фан тили даражасига кўтариш учун қанча меҳнат, қанча ижод, қанча вақт кераклиги ҳеч биримизга сир эмас. Бугунги кунда орзуимиз ҳам, мақсадимиз ҳам — шу.
Тўғри, жамиятимизда фикр ва сўз эркинлиги мавжуд, аммо «расмий тил» ҳақидаги таклиф халқимизнинг нозик ҳислари, қудратли миллий ғурурига тегишини чуқурроқ ўйлаб кўриш керак эди. Мамлакатимизда ҳеч бир миллат камситилмайди ёки ўз тилида сўзлашишига монелик қилинмайди. Аксинча, бошқа миллатларнинг тили ўрганилади, куй-қўшиқлари тингланади, адабиёти ўқилади, фильмлари томоша қилинади, миллий маданият марказларига эътибор қаратилади. Зеро, тилни она каби севиш кераклигини халқимиз жуда яхши тушунади. Тилини қадрлаган, бошқа тиллардан ҳеч ками йўқлигини исботлаган Навоий бобомиз олти асрдирки, бежиз улуғланмайди. Ваҳоланки, Навоий яшаган даврда тилимиз ҳозиргидек юксак мақомда эмасди. Мир Алишер Навоийдек шоир ва амир, сўфий ва донишманднинг саъй-ҳаракатлари мангуликка татийдиган буюк хизматга айланганини наҳотки кўрмаяпмиз? «Араб тили — илм-фан учун, форс тили — ижод учун, туркий (ўзбек) тили — кўчадаги муомала ёки ҳарбий қўшин тили» деган тушунчаларга барҳам берилганига неча асрлар ўтибдики, яна шунга ўхшаш муаммога дуч келингани одамни оғир ўйга толдиради. Шу ўринда яқин тарихдаги жадидлар жасоратини эслаб ўтайлик. Ўша қалтис даврларда она тили ва миллий маданият учун улар ҳал қилувчи аҳамиятга молик қаҳрамонликлар кўрсатишиб, бугунги тилимиз ва маданиятимиз ривожига ҳисса қўшишди. Агар улар ҳам ҳозирги айрим «зиёлилар» каби иш тутишганида, қанчалар катта зарар кўрган бўлишимизни тасаввур этишнинг ўзи даҳшат. Ўша даврнинг асорати сифатида яқин-яқин йилларда ҳам одамларнинг тилимизни бузиб гапириши сезилиб турарди, «Областга бориб, председателга звонок қилдим, у студентларнинг обшежитида экан», деб чала тилда гапирувчилар ҳар қадамда учрарди.
Дарҳақиқат...
Миллий ғурури бор одамдан ҳеч қачон бундай таклиф чиқмаслигини ўйлаб юрак-бағри куяди кишининг. Паспортидагина ўзбек бўлиб қолган ва ҳамон руҳан мустақил бўла олмаётган, реал ҳаётда эса бегона тилда сўзлашувчи кишиларнинг мақсади, эҳтимол, ўзлари учун қулай тилни расмий тил даражасига олиб чиқиш, ўзлари каби тилини унутган авлодларни вояга етказиш бўлса бордир, аммо Темурийлар, Навоийлар, Бобурийлар авлодлари учун бу ҳақорат эканлигини ёддан чиқармайлик. «Рус тили бизга бегона эмас» дейишди. Нафақат рус тили, форс тили ҳам, динимиз тили бўлмиш араб тили ҳам бегона эмас! Миллионлаб одамларимизнинг исмлари аслида арабча ёки форсча. Балки рус тилдаги манбаларнинг кўплиги, бу тилни билиш кўплаб бошқа халқлар билан мулоқот қилишга восита экани, собиқ шўролар даврида — етмиш йил бир мамлакат бўлиб, битта давлат тилида иш юритилгани шундай таклифга доялик қилгандир? Аммо бугун ҳар бир давлат ўзи мустақил мақомга эга ва иш юритишда ҳам ўз тилидан фойдаланади. Аслида собиқ иттифоқ даврида ҳам айрим республикаларда ўзга бир тил эмас, ўз она тилининг мақоми устун қўйилгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Эҳтимол, собиқ тузум даврида рус тилини билиш кўплаб манбаларга йўл очгандир, у даврларда интернет бўлмагани учун кутубхонадаги китоблар асосан рус тилида бўлгандир, ҳозир-чи? Бутун дунёдаги исталган манбани уйда ўтирган ҳолда ўқишнинг имкони бор. Балки етмиш йил тугул, ундан анча кўп муддатдаги араб ҳукмронлиги давридан сўнг ҳам халқимиз ўз тилига кўпроқ эътибор бергани, форс, араб тилларига ҳам ҳурмат сақлаб қолганини эслаш керакдир? Биз исломни абадий севамиз, чунки, алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз, аммо араб халифаликларининг неча юз йиллик ҳукмронлигидан сўнг ҳам ўз тилимизни миллатимиз тили дея сақлай олдик-ку!
Янгиланаётган Ўзбекистон даврида хоҳ давлат тили шаклида, хоҳ расмий тил шаклида ўзга бир тилга мамлакатнинг асосий аҳолиси сўзлашадиган тил билан баравар мақом (аслида устунлик!) беришни таклиф этиш қалтис қадамдир. Яъни бу таклиф тилимиз тараққиётига аксинча таъсир ўтказиши турган гап. Бунда ҳар бир давлатнинг, халқнинг мавжуд шарт-шароит ва ижтимоий-психологик ҳолатидан келиб чиқиб, қарор қабул қилиш тўғрироқ бўлади назаримизда. Дунёнинг иккита давлат тили, бир нечта расмий тиллари мавжуд мамлакатларига қолип асосида кўр-кўрона ёндашишнинг ўзи нотўғри. Ўз тилини менсимаслик, бошқаларнинг тилини устун деб ҳисоблаш, машаққат билан эришилган давлат тили мақомига раҳна солиш, бу – миллий ғурури сустлашган инсонларга хос бўлган иллат эмасми?
Яқинда Термизда ўтказилган I Халқаро бахшичилик санъати фестивали, ўтган йили ўтказилган мақом фестивали, «Бойсун баҳори», булардан ташқари тилшунос ва адабиётшуносларнинг қанчадан-қанча дастурлари, тадбирлари аслида она тилимиз ва миллий маданиятимиз равнақи йўлида ташкил этилган эмасмиди? Умуман олганда, тил ва миллий маданиятни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўладими? Ачинарлиси, Ўзбекистонда рус тили расмий тил бўлиши керак, дейилган таклифга айнан маданият арбоблари ҳам имзо чеккани...
Сўзим охирида шуни айтмоқчиманки, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши худди давлат рамзлари каби ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб улгурган. Бу бизга берилган улуғ неъматдир. Уни энди ҳеч ким ўзгартиролмайди, бунга ҳақли ҳам эмас!»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter