Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«O‘zLiDeP» Малайзиядаги ўзбек талабалари билан онлайн мулоқот ўтказди

«O‘zLiDeP» Малайзиядаги ўзбек талабалари билан онлайн мулоқот ўтказди

Кеча, 6 июль куни «O‘zLiDeP» сиёсий кенгаши ижроия қўмитасида Малайзиянинг Осиё Тинч океани технологиялар ва инновация университети билан ҳамкорликда видеоконференция шаклидаги онлайн мулоқот ўтказилди.

Унда партия Ёшлар қаноти фаоллари, мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, «Google» ҳамда «Data Micron (Дата микрон)» технологик компаниясининг Малайзиядаги филиаллари, «PETRONAS» нефть-газ компанияси, «Consolsys-Technology» (Консолсис техноложи) молия хизматлари маркази каби дунёга машҳур ташкилотларда ишлаётган ёш ўзбек мутахассислари, Малайзиянинг нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талаба ва ўқитувчилар қатнашди.

Очиқ, самимий ва ўзаро фикр алмашиш майдонига айланган онлайн мулоқотда «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида Малайзиядаги ўзбек ёшларига атрофлича маълумотлар берилди.

Онлайн мулоқотда Малайзияда туриб иштирок этаётган ёшларимизнинг таъкидлашича, юртимизда юз бераётган ўзгаришлар ва янгиланишлар яқин келажакда мамлакатимизни дунёдаги энг инвестицион жозибадор давлатлардан бирига айлантириши шубҳасиз.

Малайзиядаги ўзбекистонлик талабалар назарий дарсларда ўрганаётган қарашларининг бугун Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилаётганидан жуда мамнун эканликларини билдиришди. Бундай ислоҳотларнинг бошида кучли лидер, прагматик раҳбар турганини алоҳида эътироф этишди.

Онлайн мулоқотда Президентимиз раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши белгилаб берилган вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Онлайн мулоқот давомида Малайзиядаги ўзбекистонлик талабалар ўзларини қизиқтирган саволларни ўртага ташлаш имкониятга ҳам эга бўлишди. Хусусан, уларни айни вақтда мамлакатимизда қайси соҳа мутахассисларига кўпроқ эҳтиёж сезилаётгани, ўқишни тугатиб,мамлакатимизга қайтганидан кейин ўз соҳалари бўйича ишга жойлашиш масаласи, дипломларини нострификация қилиш ҳамда бизнес очиш масалаларидаги саволлар кўпроқ қизиқтираётгани кўзга ташланди. Уларнинг саволларига видеоконференцияда ташриф буюрган вазирлик ва идоралар вакиллари батафсил жавоб қайтаришди.

Учрашувда Малайзияда таҳсил олаётган ёшлар орасида ЎзЛиДеП фаолларининг борлиги алоҳида таъкидланиб, бу у ердаги юртимиз ёшлари билан доимий алоқани мустаҳкамлашда муҳим омил эканлиги эътироф этилди.

Тадбир якунида бундай амалий мулоқотларни мунтазам ва кўпроқ ўтказиб туришга келишиб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг